Get Mystery Box with random crypto!

Уялмасангиз ҳам, ҳеч бўлмаса халққа раҳм қилинг! Кўп нарсалар | HAQSÖZ

Уялмасангиз ҳам, ҳеч бўлмаса халққа раҳм қилинг!

Кўп нарсаларни умуман тушунмайман. Биттаси — жамиятимизда узоқ йиллардан буён яшаб келаётган "ишчи гуруҳ" тушунчаси ва унинг фаолияти, қўлланиш жўғрофияси...

Масалан, баъзи ноаниқ, фавқулодий масала ёки биз учун янги соҳа ёхуд мутлақо шахсий характерга эга, жамият учун хавфли даҳанаки жанжаллар бўлса, тушуниш мумкин. Бироқ ҳаммаси икки карра икки тўртдек аниқ масала — қишлоқларда газ ва свет йўқлигини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ тузилиб жойларда юргани ғалати иш. Очиғи, мен шундай ўйлайман.

Бу масалани қонунчиларимиз, парламентдаги муҳтарам вакилларимиз “кабинка”сидан чиқмай ҳам аниқлаши мумкин. Ҳалиги катта “тилпон”ни олиб тўртта керакли рақамни терса бўлди, Энергетика вазирлигидаги оддий мутахассис ҳам аҳволни тушунтириб қўяди.

Масалан, у айтиши мумкин: ака, 30-40 йилдан буён бу тизимда ислоҳот бўлмаган, соҳа модернизация қилинмаган, газ ва электр сотишда аниқ ҳисоб-китобимиз йўқ. Юқоридан бюджетга пул керак, газ ва электрнинг релсини ташқарига тўғрила, деса тўғрилаб, қайтар деса, қайтариб ўрганганмиз. Глобал, энергетика энг муҳим стратегик соҳага айланган бугунги дунёда аниқ ва бугунги талабларга жавоб берадиган концепция ё стратегиямиз йўқ. Сизлардан илтимосимиз шулки, йиғилишларда фақат ЕОИИга қўшилсак, ундоқ бўлур, бундоқ бўлур, дея жағ урмасдан, мана бу муҳим факторниям бир ўйлаб кўрсанглар, бизга энергетикамиз бўйича Миллий концепция ёки стратегия ишлаб чиқиб уни қонунийлаштиришда ёрдам беринглар, дейиши мумкин.

Биз эса доим аксини қиламиз. Аниқ, кўзга кўриниб турган нарсани титкилаб унга яна янги "ташхис" қўйишга ҳаракат қиламиз. Ҳаммамиз ўзимизни ишлётгандек, ватанпарвардек, фидоийдек кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Бироқ кимга?

Совуқда дирдираб, зимистон уйда мўлтираб ўтирган шу мушфиқ халққами?.. Уялиш ҳеч бўлмаса раҳм қилиш керак.

@platformauzb