Get Mystery Box with random crypto!

“ИНСОН” ҚАСИДАСИ БУТУН ИНСОНИЯТГА ДАХЛДОР Аввало, Эркин Воҳидо | "Guliston" jurnali

“ИНСОН” ҚАСИДАСИ БУТУН ИНСОНИЯТГА ДАХЛДОР
Аввало, Эркин Воҳидовнинг “Инсон” қасидасининг қўшиқ бўлиб яратилиш ғояси ҳақида бироз тўхталиб ўтсак. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12—13 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи амалга оширилган эди. Президентимиз сафар чоғида Марғилон шаҳри ҳудудидаги Э.Вохидов номидаги маданият ва истироҳат боғида ҳам бўлгандилар. Боққа кираверишда деворига шоирнинг “Инсон” қасидасидан мисралар битилган. Президентимиз уни ўқиб, “Қандай гўзал ва маъноли сатрлар, буни бутун дунё эшитиши лозим. Бу қасидани бутун дунёга тараннум этишни сенга топширсам нима дейсан?” деганларида юрагим жунбушга келганди. Боиси, ўзбекдек буюк миллатнинг фарзанди битган битикларни бутун дунёга танитишдек шарафли вазифа зиммамга юклатилганди.
Шундан сўнг Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бу ғояни қай тартибда амалга ошириш устида бош қотира бошладик. Дастлаб шеърни бир нечта тилларга таржима қилиш учун таржимонлар, ёзувчилар ва Тошкент давлат шарқшунослик институти профессор-ўқитувчилари жалб қилдик. Бу жараён осон кечмади, мисраларнинг мазмун моҳиятини ўзгартирмасдан дунёга тақдим этиш лозим эди.
Кейин эса мазкур сатрларга мусиқа басталаш ишлари бошланди, бир қанча усулдаги мусиқаларни яратдик. Нодир Умаров, Азиз Холмуродов, Дилмурод Маткаримовлар шеърнинг мусиқасини тайёрлашда катта ёрдам кўрсатишди. Охирги вариантда тўхталганимиздан сўнг олдимизда бу қўшиқни кимлар ижро этиш масаласи турарди. Дунёга машҳур санъаткорларни жалб қилишда элчихоналар вакиллари бизга ёрдам беришди. Қўшиқ яратилиш ғоясидан то клип ҳолига келгунича бўлган жараён икки йиллик вақт ва меҳнатни талаб қилди. Биз кўзлаган мақсадимизга эришдик.
Ушбу қасида бутун инсониятга дахлдор. Шоир барчамизни ўз мисраларида инсон бўлиб келдикми, инсон бўлиб яшашга ундаган. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти фаолиятини қамраб олганлиги сабабли ҳам БМТ томонидан илиқ кутиб олинди ва биз қўшиқни ташкилотнинг 75 йиллик юбилейига совға сифатида Ўзбекистон номидан тақдим қилмоқдамиз. Шу сабабли биринчи презентацияси БМТ тузилганлигининг 75 йиллигига бағишланган “UN75” онлайн тадбири орқали 8 тилда янграши кутилмоқда. Бу эса Ўзбекистон номини яна бир бор бутун дунёга танилишида хизмат қилади.
Озодбек НАЗАРБЕКОВ, Маданият вазири