Get Mystery Box with random crypto!

Узр, битта серия тушиб қолибди) 'Гуржистон пойтахтига келган | Gazetchi.uz

Узр, битта серия тушиб қолибди)

"Гуржистон пойтахтига келган кунинг 25-30 минг сўм билан қолиб кетгандинг. Пулинг бўлмаса, Батумига қандай етиб олдинг?" - деган саволлар бўляпти. Кечаги йўл чарчоғи билан ёзиш эсимдан чиқибди.

Грузияда озиқ-овқат, жамоат транспорти ва хизмат кўрсатиш тармоқлари арзон экан. Душанба тонгида ёнимдаги ҳемир билан хачапури, ичимлик ва Тбилисида юриш учун 1-2 та қатновга етадиган йўл кирали транспорт картаси сотиб олдим. Банклар очилди ва укам тушган ойлигимни Ўзбекистон банкидан ўтказиб юборди.

Ётоқ жойимдаги хизматчи Заира хола "Бир кунгина турасанми? Энди сенга меҳримиз тушганди", - деди. Кетишим кераклигини, онамни Истанбулда кутиб олишга улгурмаслигимни айтиб, холамни бир қучоқлаб қўйдим-да, Батуми сари отландим.

Маршрутка. Грузинларнинг ҳар бири 1,5 киши бўларкан. Орасида нафасларим қайтиб, Тбилиси-Батуми аро 350 км масофани шу кўйда ўтказдим. Йўл кира 35 лари (150 минг сўм атрофида).

Ана энди бир пайт Батумига яқинлашарканмиз, шунақа тоғли ерларга келдикки, мен яшил ранги аслида қанақа бўлишини энди билдим! Шунақа гўзалликки, таърифсиз. Чап тарафни томоша қилсангиз, ўнг томонни ўтказиб юборганингизга ачинасиз. Гўзалликни қизғанасиз. Шу аҳволда кеза-кеза Қораденгизнинг яна бир соҳилига етиб келдик. Шаҳарнинг Дубайдан фарқи йўқ. Ундан баҳаво ва анча арзон.

Батумида келиб-келиб инглизчани ҳам хитойча акцент билан гапирадиган хитойликларнинг апартамент уйидан жой бронь қилибман. Кирсам, менга "Сен залдаги дивандан жой банд қилгансан", - дейди. Бу хитойнинг чучук инглизчасини мен шундай тушуняпман, деб ўзим сўрасам, тасдиқлаяпти ярамас...

"Эсларинг жойидами? Сочида биттаси қоровулхона бераман деганди, энди сен мени диванда ётқизасанми?" - десам, у ҳам бўш келмай: "Менга нима дейсан? Ўзинг шуни танлагансанку?" - деди.

Ҳм... Унинг гапи мантиқан тўғри эди. Бошқа жой сўрадим. Биттагина жой қолибди: АҚШлик математика ўқитувчиси Жон ва Батумида иши ҳал бўлишини кутаётган одессалик Саша ётган уч кишилик хонага мени жойлаштиришди. Ҳозирча бор гап шу.)

Каналга уланиш: @gazetchiuz