Get Mystery Box with random crypto!

Япониянинг “Yamanashi Gakuin” таълим корпорацияси Фарғона шаҳр | Фарғона вилояти ҳокимлиги

Япониянинг “Yamanashi Gakuin” таълим корпорацияси Фарғона шаҳрида боғча-мактаб-олийгоҳдан иборат замонавий япон таълим мажмуаси барпо этади

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Япониянинг “Yamanashi Gakuin” таълим корпорацияси бошқаруви вакиллари Даижи Ямада ва Самуель Танни қабул қилди.

Учрашувда вилоятимизда таълим сифатини ошириш, Япония тажрибасини тадбиқ қилиш масалалари, ҳамкорликда таълим лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Ўтган куни бўлиб ўтган халқ депутатлари вилоят кенгаши сессиясида тақдим этган мурожаатномасида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров таълим соҳасидаги илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш борасида алоҳида тўхталиб, болаларни кичиклигидан меҳнатга, ўзаро ҳурматга, интизомга, одоб-ахлоққа ўргатишга асосланган япон таълим тизими бунда устувор йўналиш эканини қайд этганди.

Япониянинг Яманаси шаҳрида жойлашган “Yamanashi Gakuin” таълим мажмуаси анъанавий япон маданияти ва қадриятларига асосланган, замонавий мактабгача таълим муассасаси, ўрта мактаб, коллеж ва университетдан иборат бўлиб, эътиборли жиҳати ушбу таълим муассасалари битта яхлит кичик шаҳарчадан иборат. Болалар боғча ёшиданоқ мактаб ва университет муҳитини ҳис этиб боришади, катта ёшдагилар билан мулоқот қилиш ҳамда фикр алмашиниш имкониятига эга бўлишади. Каттага ҳурмат, кичикка иззат каби қадриятлар сингиб боради, болаларнинг ижтимоийлашуви осон кечади.

Ушбу компания муассислигидаги Сингапурнинг Alpha DX компанияси томонидан реал ва виртуал таълим комбинациясидан иборат инновацион ўқув методикаси ишлаб чиқилган бўлиб, ушбу рақамли ўқув платформаси Тошкент ва Андижон шаҳарларидаги олий таълим муассасаларига тадбиқ этиш ҳамда Ўзбекистонда Asnaro университетини ташкил этиш бўйича яқинда Олий ва ўрта таълим вазирлиги ҳамда Alpha DX ўртасида бу борада англашув меморандуми имзоланганди.

Бугунги учрашувда Фарғона шаҳрида Япон таълим тизимига асосланган мактабгача таълим муассасаси ва умумтаълим мактаби ташкил этиш, мамлакатимизда режалаштираётган Asnaro университетини ҳам ушбу таълим мажмуасига жойлаштириш лойиҳаси муҳокама қилинди.

Японияликлар мактабгача таълим муассасаси ва умумтаълим мактаби лойиҳаси учун 10 миллион долларгача инвестиция киритишга тайёр эканликларини билдириб, бу лойиҳани маҳаллий ҳокимият билан давлат-хусусий шериклик тамойили асосида ёки вилоят тадбиркорлари билан ҳамкорликда амалга ошириш таклифини илгари сурдилар.

Вилоят ҳокими, ушбу лойиҳа ҳар томонлама қўллаб-қувватланишини таъкидлаб, японияликлар таклифини вилоят тадбиркорлари билан ҳар томонлама муҳокама қилиш ҳамда хусусий бизнеснинг иштироки имкониятлари ўрганиш, натижадан келиб чиққан ҳолда давлат-хусусий шериклик тамойилида лойиҳани амалга ошириш масаласини кўриб чиқилишини маълум қилди.

Томонлар янги таълим мажмуасини Фарғона шаҳрида барпо этилаётган Экошаҳар ҳудудида жойлаштириш борасида ўзаро ҳамфикр қолдилар.

Яқин кунларда ушбу лойиҳани амалга ошириш бўйича келишув шартномасини имзолаш бўйича келишиб олинди.