Get Mystery Box with random crypto!

Москвада масжидларга қилинган рейдлар туфайли мусулмонлар омма | Файзбоғ (ТемурМалик)

Москвада масжидларга қилинган рейдлар туфайли мусулмонлар оммавий намойишга чиқди

Москвада куч ишлатар тизим вакиллари билан мусулмонлар ўртасида катта резонанс юзага келди. Июл ойи бошида жума намози вақтида ОМОН зобитлари оёқ кийимини ечмай Дзержинский шоссесидаги кўп қаватли уйда ташкил қилинган ибодат уйига бостириб кирган. Бунга жавобан Россиянинг мусулмон аҳолиси оммавий равишда ўз эътирозларини билдирган.

Бугун Москвада мусулмонлар кучишлатар тузилмаларнинг ҳаракатларидан норозилик сифатида тинч намойиш ўтказди. Юзлаб кишилар Москва тарихий масжидидан чиқиб, Большая Татарская кўчаси бўйлаб ҳаракатланган. Полиция ва Росгвардия ходимлари уларга халақит қилмаган, қўлга олинганлар ҳақида хабар йўқ.

Можаронинг бошланиши

«Коммерсант» нашрининг ёзишича, ибодат уйини текшириш ташаббуси «Русская община» ташкилоти вакилларидан чиққан. Бу ташкилотнинг «Русская община ZOV» номли Telegram-каналида 7 июл куни шундай пост қўйилган: «Ҳозиргина полиция «Русская община» сўрови билан турар жой биноларида жойлашган иккита ноқонуний масжид фаолиятини текширди. У ерда 70 киши қўлга олинган, улар депортация қилинишини кутамиз», дейилади постда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича президент кенгаши вакили Кирилл Кабановнинг сўзларига кўра, турар жой биносида диний ташкилот бўлмаслиги керак. Можаро айнан мана шу сабаб юзага келган. Унинг сўзларига кўра, мусулмонлар турар жой биносида жойлашган ибодат уйида намоз ўқиши у ерда яшайдиганларни безовта қилади, жума кунлари эса одам кўпайгани сабаб ўтадиган жой қолмайди.

Москва области диний бошқармаси Котелникидаги мусулмон жамоаси Россия Адлия вазирлиги томонидан диний ташкилот сифатида расман рўйхатга олинганини қайд этган. Ҳудудда мусулмонлар кўп бўлгани боис учта мусулмон жамоаси рўйхатга олинган.

Маҳаллий аҳолининг эътирози

Котелиники фуқаролари аввал ҳам Путинга мурожаат қилиб, шаҳардаги мигрантлар оқимидан нолишган. Хусусан, май ойидаги мурожаатда Жанубий микрорайондаги 8-уйда яшовчилар кўп қаватли уйда масжид ташкил қилинганидан норози бўлишган. Улар маданий марказ сифатида рўйхатга олинган 160 метр квадрат жойда 600-1000 нафар одам намоз ўқишидан нолиган. Маҳаллий аҳолининг иддао қилишича, улар болаларини ёлғиз қўйиб юборишга қўрқишади, чунки мигрантлар уларга зўравонлик қилиши, қизларига тегажоғлик қилишидан қўрқишади. Мурожаатчилар «микрорайонда қолган кам сонли рус миллати вакиллари» номидан гапиришаётганини таъкидлаган.

«Ҳаммамиз тушуниб етишимиз керакки, ортиқ бундай яшаб бўлмайди. Биз Франция ёки Косово эмасмиз. Бизнинг уйимизда тартиб бўлиши керак. Мамлакатимизга кириб келаётган мигрантлар оқимини тезда тўхтатиш керак. Акс ҳолда ижтимоий портлаш содир бўлади», деган мурожаатчилардан бири.

Масжиддаги текширувни қўллаган русларнинг мурожаатини «Царьград» телеканали асосчиси тадбиркор Константин Малофеев ҳам қўллаб-қувватлади. Унинг фикрича, «асл котелникиликларнинг» «меҳмонлар бўйича талаби» тўғри ва чиндан ҳукумат тартиб ўрнатиши керак. Унинг сўзларига кўра, руслар ҳеч қачон одам ажратмаган, аммо Россияга келадиган меҳмонлар русча маданиятни ҳурмат қилиши керак.

«Оммавий депортациялар ва муҳожирларни талон-торож қилиш, шунингдек, ватанларига сиёсий босим ўтказиш мақсад қилинган»

Мигрантларга бепул ҳуқуқий ёрдам бериб келаётган фаол Валентина Чупик Kun.uz мухбири билан суҳбатда қуйидагиларни айтган.

«Россия полицияси муҳожирларга ва умуман славян бўлмаган одамларга қарши оммавий провокациялар тайёрлаётганига ишончим комил – бу масжидлардаги провокациялар билан бевосита боғлиқ. Гап шундаки, масжидлар яқинида, мигрантлар гуруҳларида оммавий митингга чақирувлар кўпайди. Ҳозирча чақирувлар рус тилида, кейинроқ мигрантлар тилларида пайдо бўлиши мумкин.

Эҳтимол, энди улар масжидлардаги бу провокациялардан мигрантлар митингларини сохталаштириш учун фойдаланмоқчи, бунинг асосида оммавий депортациялар ва муҳожирларни талон-торож қилиш, шунингдек, ватанларига сиёсий босим ўтказиш учун фойдаланишмоқчи»,
– деган Валентина Чупик.

@fayzboguz