Get Mystery Box with random crypto!

Ҳозир бутун ўзбекистонликлар телефонларини текшириш қарори чиқ | Файзбоғ (ТемурМалик)

Ҳозир бутун ўзбекистонликлар телефонларини текшириш қарори чиқиб, барчаси экспертизадан ўтказилса, ишонаманки, интернетдан фойдаланаётганлар орасида 60-70 фоизи "жиноятчи" бўлиб чиқади. Чунки сиз тақиқланган материалларни (диний радикализм, сепаратизм, одамлар орасида ваҳима уйғотиш, қайсидир давлатнинг конституцион тузумига таҳдид солиш, оммавий намойишларга тарғиб, порно видеолар ва ҳк) қачонлардир, қаердандир, қандайдир йўллар билан, ва албатта, ўзингиз билмаган ҳолда телефонингизга сақлаб қўйган бўлишингиз мумкин. Масалан, телеграмда, видеоларни очиб кўрмаган бўлсангиз ҳам, барчасини илованинг кэшида сақлаб қўйиш функцияси бор. Ёки Вацапни олайлик, сизга юборилган видео ва фотоларни, уларни сиз очиб кўрмаган тақдирингизда ҳам, автоматик равишда телефонингизга сақлаб қўяди. Демак, кимдир сизни йўқ қивориши учун телеграм ёки вацап орқали тақиқланган материал юбориши кифоя.

Бундай мисоллар бошқа иловаларда ҳам тиқилиб ётибди. Бу одамни жисмонан йўқ қилишнинг энг примитив, сийқаси чиққан, халқ орасида турли шубҳа ва норозиликлар уйғотувчи услуб ҳисобланади. Сиёсий фаолларни ҳам аввал 15 суткага олиб кириб, телефонини титкилашгандан кейин исталган жазони қўллашлари мумкинлигини бир неча маротаба реал кейслар билан кўрдик. Бу тизим қўлидаги қуролга айланмаслиги керак.

Одамни телефонидан қандайдир тақиқланган материлларни топиб, қаматиб ташлаш даври тугади. Бу эски тизим найранглари эди, бир вақтлар президент Мирзиёев ҳам бу ҳолатларни қаттиқ танқид остига олган. Демак, янги сиёсат бундай қаттиққўлликдан воз кечиши лозим. Мадомики биз чиндан ҳам бошқарувнинг “Инсон-жамият-давлат” тизимига ўтишни мақсад қилган эканмиз, энг биринчи навбатда ишни алмисоқдан қолган мана шундай навбатчи жиноят кодексларидан воз кечишдан бошлашга тўғри келади.

Одам телефонидан тақиқланган материал чиқиб қолиши биланоқ у автоматик жиноятчи бўлиб қолмайди, унга нисбатан адолатли қарор чиқаришдан олдин яхшилаб текшириб чиқиш керак: ростан шу нарсаларга мойиллиги борми ёки қачонлардир адашиб қўли тегиб қолганми... Шундан кейингина якуний хулоса чиқарса бўлади. Мана шундай реал натижа берадиган тизимни яратиш ва ЖКдаги ушбу моддаларни қайта кўриб чиқиш бўйича депутат ва сенаторлардан ташаббуслар чиқади, деган умиддаман.

@fayzboguz