Get Mystery Box with random crypto!

Янги Ўзбекистон халқаро рейтингларда Янги Ўзбекистон... Деярл | Файзбоғ (ТемурМалик)

Янги Ўзбекистон халқаро рейтингларда

Янги Ўзбекистон... Деярли ҳар кун бу иборага дуч келамиз. Авваллари бу сўзни шоирлару ёзувчилар ишлатган бўлса, бугун расмий доирада ҳам бот-бот янграшни бошлаганини кузатяпмиз. Сўнгги кунларда эса, бу иборадан ҳатто қарору фармойишларда фойдаланишни бошлашди. Бу кетиш бўлса, яқин келажакда мамлакат номи ҳам Янги Ўзбекистон деб ўзгартирилса ажабмас.

Ўзбекистон аслида қанчалик янгиланди? Келинг, бу саволга жавоб топиш учун халқаро ҳамжамият томонидан тузилган рейтингларга эътибор қаратамиз.

Демак, халқаро рейтингларда Ўзбекистон:

— Британиянинг Cable.co.uk аналитик ресурси ҳисоботида интернет тезлиги рейтингида 224 та давлат ичида 166-ўрин;

— «Чегара билмас мухбирлар» (Reporters Without Borders) халқаро нодавлат ташкилоти томонидан тузилган матбуот эркинлиги рейтингида 157-ўрин;

— Freedom House`нинг интернет эркинлиги даражасини аниқловчи Freedom on the Net 2021 ҳисоботида 100 баллдан 28 балл тўплаб, эркин интернетга эга бўлмаган давлатлар рўйхатига киритилди;

— Жаҳон одил судлов лойиҳаси халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан юритиладиган "Ҳуқуқ устуворлиги" индексининг "Қонунларга риоя қилиш" индикаторининг "Ҳукумат суд қарорисиз ва адолатли товон пулисиз мулкни мусодара қилмаслиги" субиндикаторида (2021 йил ҳисоботида) максимал 1 баллдан 0.25 балл билан 139 та мамлакат ичида 138- ўринни эгаллади;

— Парламентнинг амалда ҳукуматни самарали назорат қилиш бўйича субиндикаторда 139 та давлат ичида 137-ўрин;

— Экологик самарадорлик индекси (The Environmental Performance Index) – Йель университети қошидаги Экологик сиёсат ва ҳуқуқ марказининг аралаш кўрсаткичиси маълумотига кўра 136-ўрин;

— АҚШ нинг «Science and Engineering Indicators» деб номланувчи Миллий илмий фондининг махсус ҳисоботида дунёнинг 195 мамлакат орасида 82-ўрин;

— Жаҳон банкининг Статистик салоҳият индексида 146 та мамлакат орасида 61-ўрин;

— Жаҳон мамлакатлари демократияси индексида 167 та мамлакат ичида 155-ўрин;

— Глобал инновацион индексда жами 100 баллдан 24,54 балл билан 131 та мамлакат орасида 93-ўрин;

— Жаҳон банкининг “Аёллар, бизнес ва қонун индекси”да Ўзбекистон хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенглик бўйича аҳамиятга молик ислоҳотларни амалга оширган 27 та давлат қаторига киритилиб, 70,6 балл билан 5 поғонага юқорилаб, 190 та давлат орасидан 134-ўринни (2019 йилда – 139-ўрин) эгаллаган.

Қайд этиш керак, бу рейтингларда Ўзбекистон 2016-йилгача бўлган даврга нисбатан фақат ўсишга эришган. Тўғри, бу борада иккинчи маъмурият аввалгиси устидан барча жабҳаларда устунлик қилди, аммо савол ўшалигича қолмоқда: Ўзбекистон қанчалик янгиланди?

Эсимда, бир вақтлар Танзила Норбоева ташқи имидж учун жавобгар сифатида тайинланган эди, аммо Сенат раиси ҳозирча бу борада қандайдир қадамлар қилганини билмайман. Агар, "Свет ўчиши, зулматда ўтириш - 5 йил олдинги тарихга айланди", деган гапи шу вазифанинг бир бўлаги сифатида инобатга олинмаган бўлса, албатта. Бугун бу вазифа билан ким шуғулланаётгани ва қандай ишларни амалга ошираётганини билмоқчиман, чунки натижалар ўта қониқарсиз.

Халқаро рейтинглар бугунги тузумга кўзгу ўлароқ хизмат қилади. Бизнинг фикрларимиз, танқидларимиздан зада бўлиб, тотал игнор қилиб юришса ҳам майли, лекин ўзлари таъкидлаётган Янги Ўзбекистоннинг ташқи имиджига эътиборлироқ бўлишларини сўраган бўлардим. Янги шиорлару баландпарвоз гаплар билан ҳаволаниб юрмасдан, мавжуд муаммолар ечими устида бош қотириш зарур.

@fayzboguz