Get Mystery Box with random crypto!

Яқинда Қорақалпоғистон маркази Нукус шаҳрида радикал шиорлар б | ELTUZ

Яқинда Қорақалпоғистон маркази Нукус шаҳрида радикал шиорлар билан кўчага чиққан оломон бизга яхшигина дарс берди. Гарчанд бу шиорлар биз учун янги эмас эди. Ўн йиллар давомида маргиналлар тарафидан кичик минбарлардан айтилиб келаётган гаплар эди. Шахсан мен бунга ҳеч эътибор бермаганман.
Фақат бу шиорлар илк дафа муайян акцияга айланиб, бир неча минг кишини кўчага олиб чиқа олди ва бу акцияга маҳаллий бошқарувдан ҳам баъзи мулозимлар очиқ ёки гизли дастак бердилар. Бу ишнинг ҳушёр торттирадиган жиҳати шу.
Бу можаро орқасида "бегона бармоқ" борми йўқми, бир куни бу ифшо бўлади албатта.
Аммо шу нарса аниқ-ки, Турк Дунёси Интеграцияси сўзда эмас, амалда бошланмас экан, Совет КГБси тарафидан қўйилган "автоном" миналарни душманларимиз истаган пайтда портлатишлари мумкин.
Бу бир ваҳима эмас. Бунинг ваҳима эмас, реаллик эканини Нукус оломони ошкоро ўртага қўйди.
Чунки Ўзбекистон режимининг зулмидан шикоят қилиб, майдонга чиқиш билан Ўзбекистон давлатини парчалашга чақириб, майдонга чиқиш бом-бошқа нарсалар.
Бу хусусда кичик бир нутқ қилгандим, мени дарров Мирзиёев режими ҳимоячисига чиқардилар. Давлатнинг парчаланишига қарши чиқиш Мирзиёев режимининг парчаланишига қарши чиқиш билан тенг қуйилди уялмай-нетмай.
Менинг Ўзбекистонга қайтиш умидим йўқ. Қайтиш ниятим ҳам йўқ.
Чунки Каримов режими ўзгаргани йўқ. Режим айнан турибди кўзларини лўқ қилиб.
Аммо Ўзбекистон ҳали ҳам менинг ватаним.
Унинг бошқарувига яна ўнта диктатор келса ҳам менинг ватаним бўлиб қолаверади бу мамлакат.
Мана шу "қолаверадиган" мамлакатнинг бўлинишини истамайман холос.
Бу жиноятми?
Бир шахс ўз ватанининг бўлинишини истамаса, бу антидемократик ҳаракат бўладими?
Ёки инсон ҳақларига зидми бу ҳаракат?
Албатта, саволларим символик.
Бу мавзуда ҳеч ким билан тортишмоқчи эмасман. Бунга на вақт бор, на-да ҳафсала.
Фақат шуни билдирмоқчиман: Нукусда юз берган воқеалар аввалги йилларда бошлатилган баъзи фикрий ташаббусларимизни долзарб ҳолга келтирди. Хусусан, Турк дунёси интеграцияси хусусида ўтказилган тор доирадаги мажлисларимизда тилга олинган масалаларни тортмага қўйиб, ухлаш пайти эмаслиги бирдан аён бўлди.
Бугун бу масалаларни тор доирадан чиқариб, жамоатчлик билан пойлашишга қарор қилдим.
Ақлимнинг прагматик бўлгаси "бундан фойда борми?", дея иродамни тушовлашга интилса, унинг ҳиссий бурчаги "ҳарҳолда, бундан зарар бўлмайди" дея таскин бермоқда.
Мен бу таскиндан илҳомланиб, Турк дунёсига оид орзу ниятларимни ўртоқлашишга журъат этдим,

М.Солиҳ
16.07.2022 (Муҳаммад Солиҳнинг ТУРК ДУНЁСИ ИНТEГРАЦИЯСИ ҲАҚИДАГИ битикларини алоҳида бериб борамиз)