Get Mystery Box with random crypto!

АБАДИЙ ГУЛ Автобус чўл ўртасида тўхтаб, сув алмаштириб олиши | ДРАБЛЛАР | қисқа ҳикоялар

АБАДИЙ ГУЛ

Автобус чўл ўртасида тўхтаб, сув алмаштириб олиши керак. Бу ерда ҳеч ким яшамайди. Йўловчи машиналарнинг сув алмашишига атайин қудуқ қилинган. Қудуқдан икки метрча нарида бир туп атиргул очилиб турибди. Унинг ёнидаги тахтачада шундай
ёзув бор:
«Йўловчи, қудуқдан сув олиб ичганингда шу гул тагига бир пиёла сув қуй!»
Автобус келиши билан йўловчилар ўзларини қудуққа уришади. Челакда сув тортиб биров стакан ботиради, биров пиёла ботиради. Бесабрроқлари челакни кўтариб четидан симиришади.
То машина мотори совигунча у ёқ-бу ёққа қараб чўлни томоша қилишади ва албатта гулга кўзлари тушади. Шунда тахтачадаги
ёзувни ҳам ўқишади. Бирин-кетин пиёлада сув обориб гул тагига қуя бошлашади.
Қарабсизки, ҳадемай гул тагидаги чуқурча сувга тўлади.
Автобус яна йўлга чиқади. Кимсасиз чўл ўртасида шу файзсиз ерларга жилва бериб биргина гул қолади. Яна автобус кўринади,
кечга бориб яна…
Чўлнинг оловдек офтоби унинг баргини қуритолмайди. Томирларига жон бериб турган тупроқнинг намини ҳавога учиролмай-
ди.
Чунки бу ердан кунига уч марта одам ўтади, уч марта шу гулга сув беради.
Бу – абадий сўлмас гул.

Саид АҲМАД

Драбллар | қисқа ҳикоялар