2022-08-31 19:51:08
Тавба сураси, 128-129 оятлар тафсири
30 avgust 2022. Muallif: @quranuz_kanali
Эй хатокор Инсон! Сени нима алдаб ғурурга кетказдики, Карийм бўлган Роббингга иймон келтирмай, куфр келтирдинг?!
Эй нобакор Инсон! Нима сени ғурурга кетказдики, Улуғ Роббингнинг амрига хилоф қилишга журъат этдинг?!
Эй ношукр Инсон! Нима сени ғурурга кетказдики, Буюк Роббингнинг эҳсонига исён ила жавоб бердинг?! Ҳолбуки...
«У сени тўла-тўкис ва мўътадил қилиб яратганди».
Аллоҳ таолонинг инсонни тўла-тўкис қилиб яратиши – уни нуқсонсиз қилиб, ўзига керак бўлган ҳамма аъзолар билан таъминлаб яратишидир. Дарҳақиқат, инсоннинг тузилишига, унинг аъзоларига диққат билан назар солган ҳар бир шахс бу маънони дарҳол фаҳмлаб етади. Бу масалани яхшилаб ўрганган мутахассислар эса инсон вужудида инсон ақли бовар қилмайдиган тўла-тўкислик борлигини тушуниб етиб, Аллоҳ таолога иймон келтирадилар. Инсоннинг қон айланиш тизими, кўриши, ҳид билиши, фикрлаши, асаби, хотираси ва бошқа томонларини ўрганганлар эса мазкур нарсалардаги тўла-тўкислик ва мутаносибликни кўриб ҳайратга тушадилар. Шунинг учун ҳам инсонни ўрганиш бўйича АҚШдаги катта илмий марказга қирқ йилдан ортиқ раҳбарлик
қилган, дунёнинг энг катта илмий мукофотларини олган киши ҳам «Инсон, ана ўша мажҳул» номли китоб ёзди.Инсоннинг Аллоҳ таоло томонидан мўътадил қомат ва аъзолар ила яратилганлиги ҳақида гапиришнинг ўзи умуман ортиқча иш.
Хўш, Аллоҳ таоло инсонни шундоқ қилиб яратиб қўйибди. Аллоҳ томонидан тўла-тўкис ва мўътадил этиб яратилган ўша инсон ҳеч бўлмаса, ўзининг тўла-тўкислигидан фойдаланганда Холиқига шукр қилса бўлмайдими?! Ўша инсон, ҳеч бўлмаса, ўзининг мўътадиллигидан манфаат топганда ўз Холиқига шукр қилса бўлмайдими?! Аллоҳ таоло ҳақида ғурурга кетишни унга ким қўйибди?!
«Ўзи хоҳлаган сувратда сени таркиб қилди».Ҳақиқатан, инсоннинг тузилиши, жисми, ақли, ҳис-туйғулари ва бошқа жиҳатлари битмас-туганмас мўъжиза. Бутун дунё қўшилиб уринганда ҳам бирорта тирноқни ўз ҳолига қайта тиклай олмайди. Инсон ўйлаб кўрса, бу ҳақиқатни тушуниб етади. Ким уни бундоқ қилиб яратди? Ўзини ўзими? Ёки маймунми? Ёки яна бошқа сабаб борми? Йўқ, фақат барча нарсага қодир Роббул оламийн шундай қила олади, холос.
«Йўқ!!! Балки, сиз жазони ёлғонга чиқармоқдасиз!!!»
Йўқ!!! Сиз нотўғри қилмоқдасиз!!! Бу қилмишингиздан қайтинг!!!Балки, аксинча иш қилмоқдасиз!!! Қилиш керак бўлмаган ишни қилмоқдасиз!!!
Сиз жазони, яъни қиёмат кунини ёлғонга чиқармоқдасиз. У кунда ҳар ким қилганига яраша жазосини олишини ёлғонга чиқармоқдасиз.
«Ҳолбуки, сизнинг устингиздан кузатиб турувчилар бордир».
Сизнинг ҳар бирингизга бириктирилган фаришталар бор. Улар сизни доимо муҳофаза қилиб турадилар. Улар сизнинг ҳар бир ҳаракат ва саканотингизни синчковлик билан кузатиб, муроқаба қилиб турадилар. Шу билан бирга:Улар ҳурматли ёзиб тургувчилардир».
Яъни мазкур бириктирилган, муҳофаза қилувчи фаришталар, Аллоҳ таолонинг ҳузурида мукаррам саналадилар ва бандаларнинг барча амалларини ёзиб турувчилик сифатига ҳам эгадирлар. Ҳар бир банданинг ўнг томонидаги фаришта яхшиликларини, чап томонидаги фаришта эса ёмонликларини ёзиб боради. Ҳа, зинҳор ғафлатда бўлманглар...
«Улар нима қилаётганингизни биладир».
Ҳар бир инсонга бириктирилган фаришталар борлиги, улар Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳурматга эга эканликлари ва бу фаришталар бизнинг барча ишларимизни билиб, ёзиб боришларига иймонимиз фақат яхшиликка чорлаши ва ёмонликлардан қайтариши лозим, чунки...Қиёмат куни ўша фаришталар заррача нарсани ҳам тарк қилмай ёзиб борган номаи аъмолга қараб ҳукм чиқарилади. Ана ўша номаи аъмол натижасига қараб:
«Албатта, яхшилар жаннатдадир».
Чунки уларнинг номаи аъмолларидан бу дунёда қилган яхшиликлари: иймон-эътиқодлари, ибодатлари, солиҳ амаллари, чиройли, гўзал хулқлари, қилган хайр-эҳсонлари ва бошқа савоб ишлари ҳақида муфассал маълумотлар чиқади. Ана ўша яхшиликлари учун Роббилари – Қиёмат кунининг эгаси – Аллоҳ таоло уларни жаннатга киритиш ила мукофотлайди.Ва, албатта, фожирлар жаҳаннамдадир».
240 views16:51