Get Mystery Box with random crypto!

Яшамоқ Дунё мунча гўзал, ранг-баранг ҳилқат, Қанчалар ширинд | Дилмурод Акбар шеърлари канали

Яшамоқ

Дунё мунча гўзал, ранг-баранг ҳилқат,
Қанчалар шириндир неъмати бори...
Ёлғони асли рост, ёлғон- ҳақиқат...
Жонни ўлжа қилиб тугар шикори...

Гўдак, бола, ўсмир, йигит, қария,
Ҳеч кимса тўймайди дунё васлига.
Туғилгандан сўнгги барча воқеа,
Одамни қайтарар йўли- аслига...

Талашиб,тортишган мол-у,матолар,
Сен билан қабрга кирса ҳам бенаф.
Катта гуноҳларга элтар хатолар
туфайли мол топсанг бало бўлмас даъф...

Яшамоқ аслида қалбни пок тутиш,
Ўзингга,ўзгага яхшилик қилмоқ...
Вақтики,сингунча жон турган идиш,
Тупроғингни севиб,кўкка интилмоқ...

Дилмурод Акбар шеъри