Get Mystery Box with random crypto!

Сўнгги вақтда автотранспортларда ўрнатилган газ баллонларнинг | Farxod Zayniyev

Сўнгги вақтда автотранспортларда ўрнатилган газ баллонларнинг техник носозлиги ёки улардан нотўғри фойдаланиш оқибатида фожиали воқеалар ҳақидаги хабарлар янада кўпайди.

Бу фожиаларга стандартлаштириш ва техник регламент талаблари бузилиши, техника хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик ҳамда транспорт воситасини ўз вақтида техник кўрикдан ўтказмаслик олиб келади.

Шунингдек, газ баллон ускунасининг носозлиги ёки газ баллонларни меъёридан ортиқча тўлдириш омиллари оқибатида ҳам портлаш билан боғлиқ мудҳиш ҳодисалар содир бўлади.

Бу хавф-хатарларни камайтириш ёки олдини олиш мумкинми? Бунда фойдаланувчи энг аввало, газ баллондан хавфсиз фойдаланиш бўйича талаб ва тавсияларга қатъий риоя этиши керак.

Сифати тасдиқланган газ баллонларни харид килиш ва уларни ўрнатишда сертификатланган хизматлардан фойдаланиш ҳам хавф даражасини кескин пасайтиради.

Масаланинг яна бир жиҳати, иқтисодий тарафдан газ арзон ва муқобил ёқилғи. Табиийки бу газ баллон ўрнатилган транспортлар сонини кескин оширади.

Албатта, техник хавфсизликка риоя қилинса, у хавфли эмас. Агар хавфсизликка амал қилинмаса, бензин ҳам керагича хавф туғдира олади.

Бундан ташқари, автомобилга газ баллонни ўрнатиш лицензияси мавжуд шохобчалардан эмас, айрим устахоналарда қўлбола ва сифати тасдиқланмаган холда ўрнатиб берилмоқда.

Шу боис йўловчи ва транспорт ташкилотлари, газ қуйиш шохобчалари, газ баллонларини автомобилларга ўрнатиш ва тегишли ускуналарни синовдан ўтказиш билан шуғулланувчи ташкилотлар, қолаверса уларни назорат қилувчи органлар масъулиятини ошириш лозим.

Масалан, куни кеча Сирдарё вилоятида автобусда ўрнатилган газ балонларининг бирида ёрилиш сабабли портлаш содир бўлган. Оқибатда воқеа жойида 6 киши вафот этган, 15 киши тан жароҳати олган. Бу шунчаки дахшат, катта фожиа.

Хулоса шуки, носоз газ ускунасидан фойдаланиш ёки газ баллонни меъёридан ортиқча тўлдирилиши йўловчилар ҳаётига таҳдид ва бу жиноят. Жавобгарлик ҳам шунга яраша бўлиш керак. Бунинг масъулиятини нафақат ҳайдовчилар ёки газ кўйиш шахобчалари, балким тегишли ташкилотлар ҳам ҳис этишлари керак.

@deputat_f_zayniyev