Get Mystery Box with random crypto!

Супа устида бомдодни 50 кишилик жамоат билан адо этдик. Ярим с | Davronbek Tojialiyev sahifasi

Супа устида бомдодни 50 кишилик жамоат билан адо этдик. Ярим соатлардан кейин шарқ тарафдан қуёш мўралай бошлади. Чўққи устида юзлаб одамлар қуёшнинг чиқишини кузатди. Улар орасида 60 га кирган кампирлар ва 70 ни қоралаган бобойлар ҳам бор эди. Қандай чиқишганига қойил қолдим. Қуёш чиқиши билан унинг нурлари танамизни исита бошлади. Атроф бутун гўзаллигини намойиш қила бошлади. Бир тарафдан Ургут тоғлари, иккинчи тарафдан Ҳисор тизмасининг бошқа чўққилари, учинчи тарафдан Тожикистон тоғлари кўринади.

Бир томондан хавотир ҳам босади. Кечаси бунақа тикка чўққига қандай чиқдик экан? Чўққининг ғарб тарафи ости жуда тик. Пастга қарасангиз, бошни айлантиради. Шарқ тарафи ҳам тик жарлик. Айри қисмда эса қор муз эримаган. Чиқишга 4 соат, тушишга 2 соат сарфлабман. Тушишда ҳеч қаерда тўхтамадим. Тез тушган бўлсам да, тушиш йўли жуда узун туюлди. Кечаси мўлжални кўролмай, тез ўтиб кетганмиз, шекилли. Пастки лагердан чўққигача 1000 метр баландликка кўтарилади ва 8 км дан ортиқроқ юриб борилади.

Атрофни яхшироқ томоша қилиш ва омадли кадрга олиш учун барибир кундузи чўққига кўтарилган яхшироқ. Эрталаб булут йўқлиги, қуёш нурлари тикка тушгани сабаб тоғларнинг фони унчалик гўзал чиқмади.

Кўпчилик бу чўққини Ўзбекистоннинг энг баланд бошқа чўққиси билан адаштиришади. Ваҳоланки, шу чўққи яқинида бундан баландроқ бошқа чўққилар ҳам бор. Ҳазрати Султондан 30 км узоқликда 4380 метр баландликдаги Номсиз чўққига 2020 йили чиққандик.

Дунёдаги чўққиларни ўрганувчи PeakVisor портали маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг расмий энг баланд нуқтаси Ҳазрати Султон чўққиси Сурхондарё вилоятида, Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасида, Қашқадарёдаги Ҳазрати Султон чўққисидан жануброқда жойлашган бўлиб, денгиз сатҳидан баландлиги 4643 метрни ташкил этади. Лекин Сурхондарёда Ҳазрати Султондан ҳам баланд чўққи бор. Алпомиш чўққиси ҳам Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасида, Ҳазрати Султондан жануброқда жойлашган бўлиб, баландлиги 4662 метрни ташкил этади. Бу борада маълумотлар жуда кам. Географ олимларимиз Ўзбекистоннинг энг баланд нуқтаси ҳақида янги тадқиқотлар олиб боришса, балки бу ҳақда аниқ маълумот ҳам пайдо бўлар.

Агар сиз баланд тоғ саёҳатларига қизиқсангиз, йўли унчалик қийин бўлмаган тоққа чиқишни режалаштираётган бўлсангиз, Ҳазрати Султон айнан сиз учун. Тезроқ ҳаракат қилиб қолинг. Бу ерда мавсум август охиригача, холос.

Тошкент – Шаҳрисабз – Кўл – Ҳазрати Султон
2022 йил 30-31 июль

Давронбек Тожиалиев
@davronbekt

Видеоси: