Get Mystery Box with random crypto!

Президент Шавкат Мирзиёев озиқ-овқат тармоқларини қўллаб-қувва | Davlat xizmatchisi

Президент Шавкат Мирзиёев озиқ-овқат тармоқларини қўллаб-қувватлашга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди.

2022 йилда чорвачиликда 1 минг 400 та лойиҳа амалга оширилиб, қорамоллар сони 14 миллион, қўй-эчкилар сони 24 миллион бошга етган. Паррандачилик хўжаликлари сони 1 минг 300 тани ташкил этиб, тухум етиштириш 4 фоиз, гўштда 28 фоиз ошган. Балиқчилик йўналишида 290 та лойиҳа амалга оширилиб, 502 минг тонна тансиқ гўшт етиштирилган. 27 минг тонна асал етиштирилди.

Йиғилишда мутасаддилар мазкур тармоқларда жорий йилга мўлжалланган чора-тадбирлар ҳақида ахборот берди.

Хусусан, Халқаро қишлоқ хўжалиги тараққиёти жамғармасининг грант маблағлари ҳисобидан ҳудудларда сут йиғиш марказлари ташкил этилади. Уларга камида 100 та аҳоли хонадони бириктирилиб, кооператив тизим йўлга қўйилади.

Кластерлар томонидан 64 та чорвачилик комплекси барпо этилади.

Паррандачидлик хўжаликларига озуқа ва айланма маблағлар учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 35 миллион доллар йўналтирилади.

Буларнинг натижасида парранда гўшти етиштириш ҳажмини йилига 800 минг тоннага етказиш мўлжалланмоқда.

Балиқчилик учун бундан буён табиий сув ҳавзаларини ижарага бериш онлайн аукцион орқали бўлади. Тармоқда 241 та, жумладан, креветкани саноат усулида етиштириш лойиҳаси амалга оширилади. “Ҳар бир оила – тадбиркор” давлат дастури доирасида балиқчилик лойиҳалари учун 50 миллион сўмгача гаровсиз кредитлар ажратилади.

Буларнинг эвазига жорий йилда 850 минг тонна балиқ етиштириш мумкинлиги қайд этилди.

Қишлоқ хўжалиги экинларини асалари билан чанглатиш кўламини ошириш вазифаси қўйилди. 50 минг гектар боғ ва 200 минг гектар дала четларида асалари уяларини жойлаштириш, қўшимча шароитлар яратиб, аҳолини асалчиликка жалб этиш чоралари белгиланди.

Telegram | Instagram | Facebook