Get Mystery Box with random crypto!

Мабодо, тафаккур қилмайдиларми? Фикрлайдиган ва фикрламайдига | Qalam - Нуқтаи назар (Жиддий канал)

Мабодо, тафаккур қилмайдиларми?

Фикрлайдиган ва фикрламайдиган одамнинг натижалари бир неча баробар фарқ қилишини кўп кўрдим.

Кўп жойда қаттиқ меҳнат, пул, машҳурлик билан эмас, фикрлаб ҳаракат қилиш орқали ўтиб кетганларни кўрдим.

Динимиз бизни тафаккурга ундайди. Энг буюк одамлар тафаккурни фойдаларини тинмай гапиришади.

Савол: Фикрлашни бошлаш учун нима қилиш керак?

Фикрлаш асли қийин иш — кўп энергия талаб қилади. Ташқаридан бекорчиликка ўхшайди. Тўғри фикрлаяпсанми ёки йўқ — биттада билиш қийин.

Қийин ишларни бажаришни энг зўр усули — уларни қизиқ ишга айлантириш.

Фикрлашни қизиқ машғулотга айлантиришни эса 2 та йўли бор.

1. Кўп илм олиш (китоб, суҳбат, дарслар, кузатувлар)
2. Ундан қизиқроқ машғулотлардан воз кечиш

Фикрлар кучайиши учун камида 5-6 йил тинмай илм олиш керак. Баъзан бу ҳам кам.

Лекин бу узоқ муддат. Ҳамма нарсани тез бўлишига ўрганганмиз-ку!

Демак бизга иккинчи усул қоляпти.

Фикрлашдан қизиқроқ ишлар: лентани доимий варақлаш, видеолар кўриш, каналларни кузатиш, янгиликларни ўқиш, ғийбат қилиш.

Шуларни 48 соатга тўхтатиб кўр.

Аввалига қийин бўлади. Тери остингда жимирлаш сезасан. Телефонингга талпинасан.

6 соатдан сўнг дофамин даражаси нормал ҳолатга қайтади. 12 соатдан сўнг кузатувчанлигинг ошади. Дарахтдаги баргларни, эшикдаги қийшиқ ёзувни, деворингдаги ўргимчакни кўришни бошлайсан.

Кузатувчанлик саволларни туғдиради. Саволларга ичингдан жавоблар келишни бошлайди. Жавоб олишга google га кира олмайсан. Яна ичингдан қидиришни бошлайсан.

Табриклайман. Фикрлашни бошладинг.

Уёғини тушунтириш шарт эмас. Бир марта тафаккурнинг мазасини тотган одам, буни унутмайди. Биринчи усулни қўллаб фикрларини кучайтиришни хоҳлаб қолади. Амаллаб яна тафаккур қилиш йўлларини излайди.

У ёғи Румий айтганларидек: “Сен излаётган нарса сени ҳам излаяпти” бўлади.

Мурод Назаров



https://t.me/changeyourself_uz