Get Mystery Box with random crypto!

​​«Машинани таъмирлаш 276 млн сўмга тушади, янгисини олиш эса | 💲BOYLIK.UZ

​​«Машинани таъмирлаш 276 млн сўмга тушади, янгисини олиш эса 260 млн». Косон ҳокими хизмат автомобилини янгилаётганига изоҳ берди

Косон тумани ҳокими Асрол Бойқараев одам ўлимига сабабчи бўлган Captiva русумли 70 027 КАА хизмат автомобилини нима учун янгилаётганига изоҳ берди, дея хабар қилди «Дарё» мухбири.

Маълум қилинишича, Косон тумани ҳокимлиги ҳоким хизмат автомобили билан боғлиқ ЙТҲга аниқлик киритиш ва туманда бўлаётган янгиликлардан журналист ва блогерларни хабардор қилиш мақсадида 7 февраль куни пресс-тур ташкил қилган.

Таъкидланишича, пресс-тур якунида ҳоким Асрол Бойқараев журналист ва блогерларни қизиқтирган саволларга жавоб берган.

Хусусан, ҳоким «Нега яна янги автомобиль сотиб олишга қарор қилдингиз? ЙТҲдан зарар кўрган автомобилингизни таъмирлаш кам харажат бўлмасмиди?», деган саволга жавобан «ЙТҲдан зарарланган хизмат автомобилимизни таъмирлаш биз учун янги сотиб олинадиган автомобилдан 14 миллион сўм қимматга тушар экан», деди.

Ҳокимнинг аниқлаштиришича, ЙТҲдан зарарланган автомобиль 220 миллион сўмга сотилади. Шу пулга маҳаллий бюджетдан 40 миллион сўм қўшилиб, 260 миллион сўмга янги Captiva харид қилинади.

«ЙТҲдан зарарланган автомобилимизни таъмирласак, бу автомобиль бизга 276 миллион сўмга тушар экан. Шунинг учун машинани 220 миллион сўмга сотиб, устига 40 миллион сўм қўшиб, ҳокимиятга янги автомобиль сотиб олишга қарор қилдик. Шунда биз 16 миллион сўм фойда кўрар эканмиз. Шунингдек, давлатга ҳеч қандай зараримиз тегмайди», — деди туман ҳокими Асрол Бойқараев.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Косон ҳокими одам ўлимига сабабчи бўлган хизмат автомобилини алмаштиришга қарор қилгани, шу боис ҳокимлик 2021 йилнинг 1 февраль куни Captiva русумли хизмат машинасини Trade-in тартибида харид қилиш учун 260 миллион сўмлик шартнома имзолагани ҳақида хабар берилганди.


@Boylik_uz
.