Get Mystery Box with random crypto!

​​Nukus City қурилишида қарийб 250 млн сўм бюджет маблағлари т | 💲BOYLIK.UZ

​​Nukus City қурилишида қарийб 250 млн сўм бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланди

Nukus City қурилишида 246 миллион сўмдан ортиқ бюджет маблағлари ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилингани аниқланди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси матбуот хизмати маълум қилди.

«Сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси» ДУК Қорақалпоғистон ҳудудий бошқармаси ҳамда «Гранит Монтаж Строй» МЧЖ ўртасида 2020 йилнинг 18 сентябрида 3,5 миллиард сўмлик шартнома тузилган. Ушбу маблағлар Нукус шаҳри, А.Шамуратова кўчаси автомобиль йўлининг асфальт қопламасини қайта тиклаш ва Nukus City марказидаги кўп қаватли уйларнинг сув ва канализация тармоқларини таъмирлаш ишларини амалга оширишга сарфланиши лозим бўлган.

Шартномага асосан «Гранит Монтаж Строй» 236,5 миллион сўмга асфальт қопламасини тиклаши, 9,6 миллион сўмга сув тармоқларини таъмирлаши керак бўлган. Аммо бу ишлар тўлиқ бажарилмасдан, бажарилганлиги ҳақида ҳисоб-фактураларга сохта маълумотлар ва ёзувлар киритилиб, жами 246,1 миллион сўм маблағ талон-торож қилинган.

Ҳолат юзасдан «Сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси» ДУК Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси ҳамда «Гранит Монтаж Строй» мансабдор шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан жуда кўп миқдорда талон-торож қилиш) ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда мазкур жиноят ишининг дастлабки тергов ҳаракатлари Нукус шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 2018 йил 2 августдаги «Республика ҳудудларида Business City замонавий ишбилармонлик марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан Нукус шаҳри марказида Nukus City шаҳарчаси қурилади.

Қурилиш ишлари 2019 йилнинг декабрида бошланди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, дастлабки йили 2 та 7 қаватли ва 2 та 16 қаватли уй-жой қурилиши режалаштирилган. Келажакда улар қаторидан бир қанча кўп қаватли турар жойлар ва виллалар, замонавий савдо мажмуалари, меҳмонхоналар, офислар ва бошқа ижтимоий соҳа объектлари ўрин олади.


@Boylik_uz
.