Get Mystery Box with random crypto!

Кунлар ўтди, тунлар ўтди, бу кун тонгги ўзгача, Қалблар яйрар | Болаларга Исломий Тарбия

Кунлар ўтди, тунлар ўтди, бу кун тонгги ўзгача,
Қалблар яйрар, қушлар сайрар, олам нури ўзгача.
Роббим деди: ”Эй Муҳаммад, бугундан Мен
Динингизни комил қилдим, токи Қиёматгача”.
Ислом дини комил диндир, нега керак бидъатлар,
Хурофоту, ширкка тўлган ҳам урфу, ҳам одатлар.
Қуръон ҳаёт йўли бўлса, Суннат бизга йўлбошчи,
Эргашганга Охиратда кўпдир ажру савоблар.
Шукроналар бўлсин Роббим, шу кунларга етказдинг,
Очиб илм эшикларин, қалб доғларим кетказдинг,
Мана сенга ҳаёт йўлинг, деб Каломинг тутқаздинг,
Ҳидоятла қанча синов, имтиҳондан ўтказдинг.
Гоҳ хатолар қилганимда истиғфорга чорладинг,
Йўлимдаги шайтонларни нуринг билан хорладинг.
Жаҳолатнинг тиконлари оёқларим тилганда,
Шифо бериб, ҳамдлар бўлсин, ҳидоятда танладинг.
Жондан азиз, ҳам жонкуяр, меҳрибон устозларим,
Ҳақ йўлида бардавом, кўкси қалқон устозларим.
Бахтимизга деймиз доим бўлинг омон устозларим,
Ҳам сабру, ҳам шижоатда қалби осмон устозларим.
Қурбон Ҳайит сабаб бу кун оқ вароқни қораладим,
Тилагимда икки дунё яхшилигин сараладим.
Жами мўмин-муслмонга дуоларга очиб қўлим,
Жаҳаннамдан паноҳ сўраб, Фирдавс жаннатин сўрадим.
Жаннатингда Роббим ҳар кун насиб этгин юзинг кўрмоқ,
Ҳам Пайғамбар, ҳам сиддиқлар қаторида бирга турмоқ.
Қозиқ тишла маҳкам тишлаб Пайғамбаринг суннатини,
Насиб этгин бу дунёда Сен кўрсатган йўлдан юрмоқ.