Get Mystery Box with random crypto!

#abituriyent Кимлар абитуриент сифатида ўқишга топшира олишад | Bir Joyda | Махфий Янгиликлар

#abituriyent
Кимлар абитуриент сифатида ўқишга топшира олишади?


Жуда кўп марта тушунтириш берганимизга қарамасдан, кўпчилик "мен яна қайта ўқишга топшира оламанми" деб сўрашмоқда. Ҳатто айримлар "жорий йилдан техникумни тугатганлар ўқишга топширолмайдиган бўлганмиш" деган миш-мишларни ҳам кўтариб юришибди.

Шу каби саволларга биттада жавоб беришга ҳаракат қиламан. Демак, ОТМларнинг бакалавриат босқичига қуйидагилар ҳужжат топшира олишади:

Умумий ўрта таълимнинг 11-синфини тугатганлар.

Бунда барча мактаблар, шу жумладан Президент ва ижод мактаблари, ихтисослашган ва ҳарбий мактаблар, лицейлар, гимназиялар, хуллас барчаси кириб кетади. Муҳим жиҳати албатта 11-синф негизида шаҳодатнома бўлиши керак, 10-синфни тугатиб топшириб, талаба бўлиб ўқиш имкони йўқ;

Ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими муассасасини тугатганлар.

Бунда академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари, касб мактаблари ва техникумлар киради. Бунда ҳам тўлиқ тугаган ва диплом берилган бўлиши керак. Кимлардир 3 йиллик, кимлардир 2 йиллик ўқиган бўлиши мумкин;

Олий таълимда ўқиётган талабалар.

Бунда ҳозирда Ўзбекистондаги давлат ёки нодавлат, шунингдек хориждаги ОТМларда талаба бўлиб ўқиётганлар мактаб, лицей, коллеж ва ҳ.к. дипломлари билан ўқишга ҳужжат топширишлари мумкин. Ўқишга кирган тақдирда қаерда ўқишини ўзи танлайди, хоҳласа ҳозирги талабалигини давом эттиради, хоҳласа янги кирган жойида ўқийди.

Талабаларнинг ўқишга топшириши ҳеч қандай муаммо (масалан, ўқишдан четлатиш) олиб келмайди. Аммо Сизлардан илтимосим, шунчаки ўйин учун топшириб ўтирманг, мабодо ўқишга кирсангизу, кейин ташлаб кетсангиз, битта абитуриент жойини беҳудага банд қилган бўласиз, кейинчалик бўшаб қолган ўринга ҳеч кимни олишмайди;

ОТМларни тугатган дипломли олий маълумотлилар.

Аллақачон бир марта олий маълумот олиб бўлган шахслар ҳам бемалол яна қайта бакалавриат босқичига ҳужжат топшириб кўришлари мумкин. Улар ҳам худди ҳозирги талабалар сингари мактаб, лицей, коллеж ва ҳ.к. дипломлари билан ўқишга ҳужжат топширишади, университет дипломи билан эмас. Бу ерда яна бир жиҳат, амалдаги қонунчиликка кўра, бир марта олий маълумот олиб бўлганларнинг (грант ёки контрактда ўқиганлигидан қатъи назар) иккинчи марта талаба бўлиши фақат тўлов-контракт асосида бўлади. Яъни улар грантга даъвогарлик қила олмайди, кирса ҳам фақат контрактда ўқишади.

Хуллас, мана шу юқоридаги 4 та тоифадаги шахслар бемалол my.dtm.uz сайти орқали абитуриент сифатида ҳужжат топшириб кўришлари мумкин. Барчага омад!


t.me/birjoydamiz