Get Mystery Box with random crypto!

Ассалому алайкум, ҳурматли профессор-ўқитувчилар, азиз тинглов | BFAUZ

Ассалому алайкум, ҳурматли профессор-ўқитувчилар, азиз тингловчилар!

Аввало, ҳар биримизнинг ҳаётимиздаги унутилмас тарихий воқеа — Ўзбекистонимиз мустақилликка эришган куннинг 31 йиллиги билан Сиз азизларни ва сизларнинг тимсолингизда бутун юртдошларимизни чин қалбимдан муборакбод этаман.

Бугун мамлакатимизда инсон қадрини улуғлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бу жараён таълим ва илм-фанни ривожлантириш билан чамбарчас боғлиқ ҳолда амалга оширилаётгани ислоҳотларнинг шиддатини таъминлайди. Шу боис Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратишга киришилди.

Илму урфонга берилаётган эътибор Академиямиз ҳаётида ҳам ўз аксини топди. Янги мақсадлар ва долзарб вазифаларни амалга оширишга киришилди. Ўтган қисқа давр мобайнида халқаро алоқаларимизнинг янги форматида дунёнинг етакчи ва илғор тажрибага эга молия институтлари, илмий тадқиқот даргоҳлари билан амалий ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши натижасида 100 нафардан ортиқ вакилларимиз Чехия, Россия ва Малайзия давлатларида малака ошириб қайтдилар. Шунинг билан бирга, Япония Молия вазирлиги ва унинг ҳузуридаги Иқтисодий сиёсат тадқиқотлари институти, “Газпромбанк” АЖ ва бошқа халқаро ҳамкорлар билан алоқалар янги сифат босқичига ўтди.

Бу жараёнда Сиз азизларнинг иштирокингиз салмоқли эканлигини алоҳида эътироф этиш зарур. Ёшларнинг истеъдод ва қобилияти, эзгу интилишларини тўлиқ рўёбга чиқариш, ижтимоий фаоллигини ошириш, ҳаётда муносиб ўрин эгаллашлари учун қилаётган меҳнатингиз шарафга лойиқ.

Сизларни Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрами билан яна бир бор чин дилдан табриклайман. Ватанимиз келажаги бўлган ёшларимизнинг камоли йўлида қилаётган ишларингизда улкан муваффақиятлар, сиҳат-саломатлик, ижодий баркамоллик тилаб қоламан.

Самимий эҳтиром ила,

Элмурод ХОШИМОВ,
Банк-молия академияси ректори