Get Mystery Box with random crypto!

Хавфсизлик хавотири боис исми сир қолишини сўраган нукуслик ўқ | BEK_TV™️️

Хавфсизлик хавотири боис исми сир қолишини сўраган нукуслик ўқитувчининг Озодликка айтишича, тармоқларда туни бўйи давом этган чақириқларга қарамасдан 27 июнь куни шаҳарда аҳолининг норозилик чиқиши кузатилмаган:
“Мен ҳозир центр томондан келдим, тинчлик эди. Лекин ҳамма ғазабда. Бундай таклифни ўзимизникилар берган эмиш. Одамларнинг оғзида фақат шу гап. Мобил Интернет ишламаяпти. Алоқа жуда ёмон”.
Исми сир қолишини сўраган маҳаллий блогерлардан бирининг Озодликка ёзишича, улардан Конституция мавзусини умуман тилга олмаслик талаб қилинган:
“Бизда бу мавзу кечадан буён қайнаётган эди. Бугун ички ишларга битта-битта чақиртирилиб, Конституция бўйича ҳеч нарса ёзмаслик буйруғини беришди. Ёзсак, ўзимиздан ўпкалашимиз керак экан. Орган ходимларининг аксарияти фуқаролик кийимида аҳоли орасида юрибди”.
Қорқалпоғистоннинг Чимбой туманида яшайдиган, хавфсизлик нуқтаи назаридан исми сир қолишини сўраган блогерлардан бирининг Озодликка айтишича, конституция муҳокамасига бағишланган барча Телеграм каналлар ўчиртириб юбориляпти:
“Кеча Телеграмда “Қорақалпоғистон конституцияси гуруҳида юз мингдан ортиқ одам бу ўзгартишларга қарши ўз фикрларини ёзган эди. Бугун унинг админстраторини топиб, суҳбатга чақиришди шекилли, группа ўчириб юборилди. Агар ўзгартишлар шу ҳолатда референдумга ташланса қарийб икки миллион қорақалпоғистонлик аҳолидан овоз қолган 33 миллион аҳолининг овоз берувчи қатлами орасида ҳеч нарса бўлмайди. Биз шундан хавотирдамиз, ҳақ-ҳуқуқимизнинг поймол бўлишидан қўрқяпмиз”.
Қорақалпоғистонликлар фаол бўлган ижтимоий тармоқларда сепаратизм кайфиятидаги чақириқлар 2014 йилда Россиянинг Қрим аннексияси ортидан кучайгани кузатилганди.
Ўзбекистон ҳукумати сўнгги пайтларда минтақани ривожлантириш бўйича қатор дастурларни эълон қилган, экологик ҳалокат оқибатларини бартараф этишга қаратилган янги лойиҳаларни илгари сурган.
26 июнь куни Gazeta.uz нашридан “Конституцияда Қорақалпоғистоннинг мақомини ўзгартириш таклиф этилмоқда” номли мақола олиб ташланди.
Ҳозирга қадар расмийлар Қорақалпоғистон суверенитети атрофида пайдо бўлган норозиликларга муносабат билдиргани йўқ.
Озодлик билан суҳбатда АҚШда яшаётган журналист ва собиқ депутат Жаҳонгир Муҳаммад Конституциянинг янги таҳририда Қорақалпоғистон билан боғлиқ бандларнинг ўзгартирилишини, ўз таъбирича, “мина”га қиёслади.
“Бугун биз туркий давлатлар бирлиги, Турон, Туркистон ғоялари атрофида бирлашувга интилаётган бир пайтда бундай ҳолни орқадан пичоқ уриш дейилади. Қонун лойиҳасини тайёрлаганлар бу билан мамлакатни “миналаштириш”га ҳисса қўшмоқдалар”.
РСФСР таркибида бўлган Қорақалпоғистон Автоном Совет Социалистик республикаси 1936 йилда Ўзбекистон ССРга берилган.
1992 йилнинг 9 январида Қорақалпоғистон АССР Қорақалпоғистон Республикасига айлантирилиб, Ўзбекистон Республикаси таркибига қўшилган.