Get Mystery Box with random crypto!

#ЯНГИ_АСАР МУАЛЛИФ: ХАЗОНРЕЗГИ #КЎНГИЛ_ИФОРИ 1- ҚИСМ | @BekalarUchun

#ЯНГИ_АСАР

МУАЛЛИФ: ХАЗОНРЕЗГИ

#КЎНГИЛ_ИФОРИ

1- ҚИСМ

- Йўқ , мен отангизни норози қилиб сизга турмушга чиқмоқчи эмасман. Умуман олганда "Албатта сизнинг жуфти-ҳалолингиз бўламан " деб сўз ҳам берган эмасдим. Шундай экан ҳамма уй-уйига,- қизнинг ўпкаси тўлиб ерга қаради

- Ҳилола , ундай дема . Илтимос, озгина сабр қилгин. Ҳадемай совчиларимиз сеникига бориб қолишади. Ишон , ойижоним дадамни албатта кўндирадилар. Дадам аслида ёмон инсон эмаслар. Фақат бир оз қайсарликлари бор халос. Аммо кўнгиллари тоза,- Сулаймоннинг товуши бўғилди.

Ҳилола ёмғир томчилари биллурдек ялтиратган йўлакдан битта - битта қадам босиб кетар экан Сулаймонга қарамай сўлғин овозда йигитга эътироз билдирган бўлди :

- Сулаймон ака, қўйинг мени ҳам, ўзингизни ҳам , уйингиздагиларни ҳам қийнаманг. Ота - онангизни яхши тушунаман. Янаям тўғрироғи тушунишга ҳаракат қиляпман. Улар ҳам якка- ю ёлғиз ўғилларидан орзу - ҳавас кўриш ниятидалар. Умуман олганда буни ёмон жойи йўқ. Ҳаётнинг қонуни ҳам шу-ку аслида.

- Ҳалитдан таслим бўлмагин . Нима дадам бир оғиз "Фалончига уйланасан" десалар шу билан тўй бўлиб кетаверади дейсанми ? Турмуш қуриш шунчалик осон иш эканми ? Дадамлар ҳам кўнгилларидаги гапларини бир айтдилар қўйдилар-да. Бу дегани карнай-сурнай чалиниб тўй бошланди дегани эмас-ку.
Бу ерда сен ҳам битта гапга таслим бўлиб ўтирибсан.

- Майли , - базўр жилмайишга ҳаракат қилди Ҳилола , - бу ёғига кузатманг. Ўзим кетаман. Хайр, кўришгунча,- у шундай деб бир , икки қадам босди, сўнгра нимадир ёдига тушиб ортига ўгирилди, - мен бир-икки кун шаҳарда бўлмайман. Амакимнинг қизларини тўйи. Ўша ерга боришимиз керак. Биласиз амаким ишхоналари ўша ерда бўлганлиги учун оиласи билан Жиззахда яшайдилар. Тўй учун деканатдан ҳам руҳсат олдим.

- Эээ тўйимиз бор девдинг- а ?! Шунчалик тез вақти келиб қолдими ?! Майли яхши бориб кел,- Сулаймон шундай деб Ҳилолага хиёл пўписа қилгандек бўлди ,- аммо яхши қиз бўлиб юришни унутма, тушунарлими ?

Ҳилола индамади. Сулаймон буни "хўп" маъносида тушуниб гапида давом этди :

- Сен келгунча менам уйдагиларни кўндириб қўярман.

- Хайр , кўришгунча.

- Оббо намунча хайрлади- я бу қиз ? Майли яхши бориб кел.

Сулаймон Ҳилола билан базўр хайрлашди.

* * *

Сулаймон уйга қайтиб онасининг синиқ чеҳрасига қараб дадасини гапга кўнмаганини ҳис қилди. Юраги тўкилди. Нима қилса бўлади- я бу дадасини ? Лоақал Ҳилола ҳақида бир оғиз гап эшитишга кўнса қанийди?! Ўтган сафар Сулаймон бор журъатини тўплаб энди "Дада" деган ҳам эди- ки , дадаси Мирсаид ака столга гурсиллатиб мушт тушурди. Ўшанда мушт зарбидан оппоқ дастурхонга стол устидаги ёғлиқ шўрва чайқалиб тўкилган , бу дадасининг баттар жазавага туширган эди.

- Ҳозирча тирикман,- деганди ўшанда дадаси, - ўлганимдан кейин билган ҳолвангни е ! Менга кўчадан топиб келган жинқарчангни рўкач қилма. Яхши қиз бўлса ўз бошига кўчадан эр қидириб келармиди ?! Иккинчи бу мавзуни эшитишни истамайман. Тамом-вассалом !

Сулаймон "миқ" этиб индамади. Индай олмади. Билади-ки бунақа пайтда дадаасига гап қайтариш тутаётган гулханга керосин қуйиш билан баробар. Қолаверса , олган тарбияси бунга йўл қўймади.
Аммо ўша кундан буён ойисига ўтинчли боқади :

" Ойижооон..."

Мастура опа ўғлини умидлантирувчи бирор сўз айтмаган бўлса ҳам , аммо ҳаракат қилишдан толмаётган эди.

У пайт пойлаб эрининг кўнглини юмшатишга уринар ва ҳар доимгидек бу уринишлар тошга ёмғир ёққан каби бесамар кетаверар эди.

Бугун эса ... Бугун эса барчасига нуқта қўйиладиган кўринади.

- Мастура , бўл тез ! Кийин,- Мирсаид ака ишдан келиши билан аёлига гапни қисқа қилди .

Мастура опа бор журъатни тўплаб аранг :

- Қаерга , дадаси ?! - дея олди.

- Боирхўжаникига...

Мастура опа эрининг сўзидан бўшашиб кетди :

"Демак совчиликка ! "

Мастура опа зил қадамлар билан ётоқхонага кириб кетди . Кўп ўтмай одмигина кийиниб чиқди. Мирсаид ака Мастурага қисқа назар ташлади-ю , юзидан аёлининг кийиниши ёқинқирамаганлиги билиниб турган бўлса- да , эътироз билдирмади.