Get Mystery Box with random crypto!

​Олий таълим: номарказлаштириш, масофавий таълим, стандартлар | Bobur Bekmurodov

Олий таълим: номарказлаштириш, масофавий таълим, стандартлар ҳақида

Олий таълим тизими сўнгги йилларда қатор муҳим ижобий ўзгаришларга эриша олди. Жумладан, охирги тўрт йил мобайнида 49 та янги олий таълим муассасаси ташкил этилди, битирувчиларни олий таълимга қамраб олиш даражаси 2016 йилги 9 фоиздан 2020 йилда 25 фоизга етди. Таълимнинг бакалавриат, магистратура ва сиртқи шакллари учун квоталар оширилиб, кечки таълим шакли жорий этилди.

Шу билан биргаликда, давлат ва жамият бошқарувида, айниқса жойларда профессионал кадрлар танқислиги, аҳоли сонининг ўсиш суръати, олий таълим тизими инфраструктураси ва потенциалининг жорий ҳолати навбатдаги ва фундаментал ўзгаришларни тақозо этмоқда, жумладан:

Биринчидан, олий таълим тизимини изчил номарказлаштириш, давлат назорати ва иштирокини кескин қисқартириш, маъмурий мустақиллик билан чекланмасдан, академик мустақиллик бериш учун жиддий қадамларни қўйиш керак. Вазирликнинг таълим сифатини ва давлат шартлари ижросини назорат қилиш функциясини сақлаб қолган ҳолда, маъмурий бошқарув функцияларидан воз кечиш каби иродали қарорлар қабул қилиниши керак. Вазирлик ихчам ва юқори профессионал таркибга эга бўлиши ва мувофиқлаштирувчи ролни бажаришга ўтиши лозим.

Иккинчидан,
масофавий таълимни тўлиқ жорий қилиш вақти ҳам келди. Бунинг учун етарли инфраструктураларни яратиш, қонунчилик ва процедураларда масофавий таълимга кенг йўл очиш, ўқув юртлари ундан кенг фойдаланишлари учун шарт-шароитларни яратиш зарур. Бу битирувчиларни олий таълим билан тўлиқ қамровига эришиш масаласини кейинги 10-15 йилда эмас, 3-5 йил ичида ҳал этиш, қолаверса, олий ўқув юртларининг тўлов-шартнома миқдорини оптималлаштириш имконини ҳам беради.

Учинчидан,
олий таълим хизматлари бозорини яратиш мақсадида барча иштирокчилар учун тушунарли, тенг ва адолатли шартларни жорий қилиш зарур. Давлат томонидан қўйиладиган шартларини бажара оладиган, қонунчиликка амал қилишга тайёр барча иштирокчиларга соҳага инвестиция қилиш имконияти яратилиши керак.

Тўртинчидан, таълим стандартларини қайтадан кўриб чиқиш, таълим сифатини назорат қилишнинг замонавий бошқарув ёндашувларини жорий қилиш лозим. Керак бўлса, бунинг учун дунёнинг нуфузли университетларидан бошқарувни ривожлантириш бўйича маслаҳатчилар, менеджерларни ёллаш, энг асосийси ҳукумат томонидан зарур маблағлар ажратилиши зарур.

Қолаверса, вазирлик олдида олий таълимни меҳнат бозори билан бевосита боғлаш, дипломлар бериладиган йўналишларни қайта кўриб чиқиш, илмий салоҳиятни оширишни рағбатлантириш билан боғлиқ қатор машаққатли вазифалар ҳам турибди.

Тизимнинг янги раҳбариятидан жамоатчилик мазкур йўналишларда ҳаракатларни кутмоқда ва фаол қўллаб-қувватламоқда. Бу борада, жамоатчилик фикрини чуқур ўрганиш, тизимни ривожлантириш бўйича стратегияларни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш муҳим аҳамиятга эга, деб ҳисоблаймиз.

@bbekmurodov