Get Mystery Box with random crypto!

Аллоҳ нақадар кенг раҳмат ва фазл эгаси Бир киши ҳикоя қилиб | Bayyina.uz

Аллоҳ нақадар кенг раҳмат ва фазл эгаси

Бир киши ҳикоя қилиб айтади. Мен ҳаётимда икки карра шарманда бўлдим. Яширинча ҳолда қиладиган гуноҳларимдан баъзи инсонлар хабардор бўлиб қолишди. Аллоҳ таолонинг сатр деб аталмиш неъмати мени икки мартагина тарк этди. Билмадим, гуноҳларга тўла ҳаётимда бу неъмат бутунлай йўқ бўлиб қолса нима ҳолга тушар эканман?!

Лекин айни шу гуноҳларим фош бўлиб, одамларга шарманда бўлганимда ҳам яна мени меҳрибон Роббим ёлғиз ташлаб қўймади. Яна жойнамоз устида фақат У билан қолган эдим. Қилмишимдан хабардор одамлар мендан юзўгирар даражада бўлса ҳам, фақат У менга раҳм қиларди.

Роббимнинг фазли бунчалар ҳам кенгки, ҳатто сатрини олиб қўйиб ҳам сизга яхшиликни истайди. Сатр неъмати мендан ажралган иккала онда ҳам яна Роббимнинг раҳмати мени қамраб олди. Бу биринчи ўринда ушбу гуноҳни қайта қилмасликка аҳд қилган ҳолда гуноҳдан тўхтаб, тавбага юзланиш эди.
Иккинчидан эса бу менга катта тарбия бўлди. Гуноҳ қилган бандани кўрсам энди унинг шахсини эмас, қилган ишини ёмон кўриш кераклигини ўргандим. Гуноҳкор кишига нисбатан кибр, уни менсимаслик ва унинг олдида фаришта мисол бўлиб олиш каби иллатларни йўқотиш кераклигини ўргандим. Бирор киши гуноҳ қилганидан хабардор бўлсам, ичимда у ҳақда фосиқ деган ўй ўтаётган бир пайтда гўё Роббим менга шундай деяготгандек бўлади: «Ҳой банда! Ўзинг кеча ким эдинг? Сени ўзинг ҳам бундан бадтар гуноҳларни қилиб юрмасмидинг? Сен кимсанки Менинг раҳматимни бошқа бандаларимдан дариғ тутасан? Сенга раҳм қилганим каби бу бандамни ҳам Менга йўллаб қўй!».

Ё Аллоҳ, бу сатрларни ўқир эканмиз беихтиёр қуйидаги энг умидбахш оят эсга келади:
Сен менинг тарафимдан: «Эй ўз жонларига исроф (жабр) қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, унинг ўзи ўта мағфиратли ва ўта раҳмли зотдир», деб айт. (Зумар 53)

Аллоҳим, гуноҳларимиз ҳар қанча кўп бўлмасин, Сенинг марҳаматинг, фазлинг улардан буюкдир. Бизга раҳм қилиб уларни сатр қилиб келмоқдасан, ё Саттор, энди уларни кечириб юборгин, ё Ғаффор!

———
Дўстларингизга ҳам улашинг!
@Bayyinauz
Ижтимоий тармоқларда бизни кузатинг!

Telegram | Instagram | YouTube