Get Mystery Box with random crypto!

#Мулоҳаза Аллома Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: Менин | Батош Жоме Масжиди

#Мулоҳаза

Аллома Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: Менинг гуноҳ ва маъсият ишларга муккасидан кетган бир қўшним бўлар эди. Айниқса, ароққа жуда ҳам ошиқ эдики, ҳар куни ичмаса туролмас эди. Унинг ҳидоят топишидан ҳечам умид йўқ эди. Чунки, унинг атрофидаги одамлар ҳам ўзидан баттар, Аллоҳдан узоқлаштирса узоқлаштирадики, бошқача бўлиши мумкин эмасди.

Кунларнинг бирида одатга биноан бомдод намозини ўқигани масжидга кирдим. Не кўз билан кўрайки, ароқхўр қўшним биринчи сафда, намозга қомат айтилишини кутиб ўтирибди. Гарчи бу ҳолатни кўзим билан кўриб турган бўлсамда, ақлим тан олмасди. Наҳотки, бир бетавфиқ кимсага инсоф бергани рост бўлса?

Ҳа. Бир кечанинг ўзида мен таниган Аллоҳни севадиган, унинг амрига итоат этадиган, қайтарганларидан қайтадиган ЭНГ афзал кишилардан бирига айланибди, қолибди.

Уни бу йўлга тортган, адашувдан тўғри йўлга солган қўл Аллоҳ Таолонинг қўли эди.

Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ яна сўзларида давом этадилар: Ароқхўр қўшнимнинг тавба йўлига ўтганлигидан хурсанд бўлиб, Аллоҳ унга ато этган ЯНГИ ҳаёт билан муборакбод этиш учун унинг уйига бордим.

У менга: Мен ҳар тунда хонамда ёлғиз қолиб, олдимда мана шу ароқ турган ҳолда Аллоҳ таолога шундай деб муножот қилар эдим: Эй, роббим! Мана шу девор Сен билан мени ўртамизни тўсиб турганидан жуда изтиробдаман. Мен ҳар қанча уринсам ҳам бу тўсиқни ўртамиздан олиб ташлашга кучим етмаяпти, чунки мен ожизман. Сенчи, Сен нега менга ёрдам бермаяпсан, нега Сен олиб ташламаяпсан. Эй, Парвардигор ахир сен ҳар нарсага қодирсанку...

Бир ожиз банданинг зорланишини кўринг, Аллоҳ Таолони ҳақ Парвардигор эканлигини Ўзининг таъбири билан аниқ ифодалашини кўринг. Дарҳақиқат, айнан мана шундай ишонч ва имон ила ёлвориш Аллоҳ Таолонинг унга раҳмат назари билан боқишига, дуосини Ижобат бўлишига, охир оқибат адашиб юрган сўқмоқларидан ҳидоят йўлига чиқишига сабаб бўлди.

Дарҳақиқат: Аллоҳ билан сулҳлашишга бир лаҳза кифоя.

"Ҳикаму атоийя"нинг саккизинчи ҳикмати шарҳидан.

@Batoshjomemasjid