Get Mystery Box with random crypto!

​​ Президент Шавкат Мирзиёев бугун 'Наманган вилоятини иқтисод | 🇺🇿Bankxabar

​​ Президент Шавкат Мирзиёев бугун "Наманган вилоятини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамаси" юзасидан йиғилиш ўтказди

Давлатимиз раҳбари энг асосий масала аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш эканини таъкидлади.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда муаммолар таҳлил қилиниб, имкониятларни тўлиқ ишга солиш бўйича вазифалар белгиланди.

Вилоят экспортининг 86 фоизи тўқимачилик ва мева-сабзавотчилик ҳиссасига тўғри келади. Поп, Чортоқ, Норин ва Янгиқўрғонда саноатлашиш даражаси паст. Вилоятда 56 минг томорқада маҳсулот етиштирилмаяпти.

Сайхунобод тажрибаси асосида Наманганда ҳам катта ҳаракат бошланган. Вилоятнинг 14 та туманидаги 788 та маҳаллага банк филиаллари бириктирилган. Улар “маҳалла еттилиги” билан бирга хонадонлардаги имкониятларни, оиланинг хоҳиш-истакларини ўрганмоқда.

Биринчи босқичда кам даромадли 4 мингта хонадон танлаб олиниб, оила аъзолари жон бошига ойлик даромадни 2 миллион сўмгача ошириш чоралари кўрилади.

Кейинги босқичда яна 4 мингтасига молиявий, техник, маслаҳат ва бошқа кўринишдаги амалий ёрдам берилади.

Маҳаллаларда гулчилик, балиқчилик, асаларичилик, чорвачилик, узумчилик, қулупнай ва картошка етиштириш имконияти, айниқса, яхши. Бунга имтиёзли кредитлар ажратилади.

Заргарликда ҳам салоҳият ҳозиргидан анча юқори. Юртимизда йилига 100 тонна олтин қазиб олинмоқда. Лекин унинг атиги 6 фоизи қайта ишланиб, бор-йўғи 78 миллион доллар экспорт бўлган. Шу боис тадбиркорлар учун алоҳида шароитларга эга заргарлик зоналари ташкил қилиниши айтилди. Соҳага хомашё етказиш, мутахассис тайёрлаш, ишлаб чиқариш занжири ва сотиш тизими бутунлай қайта кўриб чиқилади. 

Ангрен шаҳридан то Тўрақўрғонгача 100 километр юрилади, автомобиль оқими кунига 10 мингдан ошади. Тадбиркорлар бу йўл бўйида ошхоналар, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини кўпайтириб, 10 минг аҳолини доимий банд қилишга тайёр. Буни тартибли ташкил қилиш учун мастер-режа ишлаб чиқиб, ерларни аукционга чиқариш вазифаси қўйилди.

Наманган вилоятининг тоғли ва хушманзара ҳудудларида туризмни ривожлантириш, сайёҳларга қулайлик яратиш учун авиа ва темирйўл қатновларини кўпайтириш зарурлиги айтилди.

Конларни савдога чиқариш, қўшимча божхона постлари ва савдо уйлари очиш, Наманган халқаро аэропортида юк терминали ва Қамчиқ довонига яқин жойда логистика маркази ташкил этиш чоралари белгиланди.

Бугунги кунда 200 минг аҳоли учун Янги Наманган шаҳри қурилмоқда. Энди Чуст ва Поп туманида 10 минг аҳоли учун “Янги Ўзбекистон” массивлари, яна 20 минг хонадонли турар жойлар, IT-парк ва боғ барпо этилади.

Вилоятдаги 16 та ихтисослашган тиббиёт маркази негизида иккита – биринчи ва иккинчи Наманган тиббиёт марказлари ташкил этилади.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан вилоят ва туман ҳокимлари, вазирлар ахборот берди. Видеоалоқа орқали туманлар жамоатчилиги билан самимий мулоқот бўлди.

Каналга уланиш @Bankxabar