Get Mystery Box with random crypto!

Ҳаётни қонуний доирага қайтариш керак Ҳамма ўз ишини қилса, қ | Bankvabiznes.uz

Ҳаётни қонуний доирага қайтариш керак

Ҳамма ўз ишини қилса, қилганда ҳам сифатли қилса — бундан ҳамма ютади. Давлат ҳам прокурордан қонунда белгиланган вазифалари ижросини талаб қилса, судьядан ҳам одил судловни сўраса, ҳақли, асосли ва ўринли бўлади. Ёшлар бандлиги билан шуғулланадиган прокурор, аёллар муаммоларини ўрганаётган судья Ўзбекистондаги муаммоларнинг ечими эмас. Энг ёмони, бундай тажрибалар нафақат аёллар ва ёшлар муаммоларини тизимли ҳал қилмайди, суд ва прокуратура тизимида ҳам бошқа тизимли муаммоларнинг юзага келишига сабаб бўлади. Ўртада яна фуқаро сарсон бўлади. Бошқа тузилмалардан фарқли ўлароқ бу икки тузилма — мамлакатда қонунийлик ва адолат учун масъул идоралар.

Бугун маҳаллабай юришга жалб қилинган банк хизматчиси мижозбай ишлаши керак бўлган банкда мижознинг кутиб қолишига, мутахассис, ходим етишмаслигига, ишларнинг ворисийлиги йўқолишига, истеъмолчининг асаби, ортиқча вақти кетишига сабаб бўлмоқда, кенгроқ маънода иқтисодиёт ютқазмоқда. Банк маҳаллабай юришга янги ходим олмаяпти, бор ресурсларидан фойдаланаяпти. Мажбурий меҳнат элементлари ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

Яқиндагина шу йўлни босиб ўтгандик-ку. Қайта-қайта савол беришимиз керак: хўш, бу ишлар ўзини оқладими? Нега доим велосипед кашф қилаверишимиз керак? Прокурорлар ҳақиқатдан ҳам 100 та иш ўрни яратдими? Ўзи яратиши керакми? Кўзбўямачилик учун ишламаяптими? Прокурорнинг, судьянинг, банк хизматчисининг ўз иши билан шуғулланмасдан бошқа ишлар билан бандлиги яратилган шартли 500 та иш ўрни яратиш учун ҳаракатлари мамлакатга ўта қимматга тушмаяптими? Халқ прокурор ёки суддан норози бўлиши мумкин, лекин ҳеч қачон ишсизлиги, свет-гази йўқлиги учун эмас. Халқ улардан ўз қонуний ваколати доирасида бажараётган/бажармаётган ишларидан норози бўлиши мумкин.

Аҳоли муаммоларини ўрганиш учун халқ қабулхоналари тизими яратилган. Ўшанинг ўзи етади. У нафақат мурожаатларни қабул қилиб, турли идораларга юборадиган, балки аҳоли кўтараётган муаммоларни тизимлаштириб, таҳлил қиладиган, аҳолининг кайфиятини ўрганиб, раҳбариятни хабардор қиладиган, керак бўлса, ўша муаммоларга тизимли ечим таклиф қиладиган ижтимоий институт бўлиши керак. Ялпи сафарбарликдан тизимли ишлашга, қонуний доирага қайтишнинг вақти келди. Қанча тез бўлса, шунча яхши.