Get Mystery Box with random crypto!

Адвокат фаолиятига тўсқинлик қилиш жавобгарликка сабаб бўлади | Bahodir Ahmedov

Адвокат фаолиятига тўсқинлик қилиш жавобгарликка сабаб бўлади

BASTION каналидаги постни ўқиб ҳайрон бўлмадим. Чунки ўзим ҳам бир неча марта 10-сонли тергов ҳибсхонасидаги шунга ўхшаш ҳолатлар бўйича шикоят ёзишимга тўғри келган.

Тергов ҳибсхонасига битта адвокат кириб чиққандан кейингина бошқа адвокат киришига рухсат берилиши мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат. Чунки, масалан, мен иш шуни тақозо қилса, эрталабдан кечгача ҳимоям остидаги шахс билан учрашувда ўтиришим мумкин. Шунда тергов ҳибсхонасига бошқа адвокат қўйилмайдими?!

Аслида бундай ҳолатлар амалдаги қонун ҳужжатларига зид бўлиб, биз адвокатларнинг қонуний адвокатлик фаолиятимизга тўсқинлик қилишдан ташқари, ҳимоя остидаги шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳам қўпол тарзда бузиш ҳисобланади.

Жумладан, амалдаги Конституциямизнинг 26-моддасига кўра судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилади. 116-моддасига кўра айбланувчи ҳимояланиш ҳуқуқи билан таъминланади.

Тергов ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади. Фуқароларга, корхона, муассаса ва ташкилотларга юридик ёрдам бериш учун адвокатура фаолият кўрсатади. Адвокатурани ташкил этиш ва унинг иш тартиби қонун билан белгиланади.

ЖПК нинг 46, 48-моддаларида айбланувчи ва гумон қилинувчи ҳимоячига эга бўлиш ҳамда учрашувларнинг сони ва давом этиш вақти чекланмаган ҳолда у билан холи учрашиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган. 53-моддасида эса агар гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи қамоқда сақланаётган бўлса, ҳимоячи у билан жиноят ишини юритишга масъул бўлган давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг рухсатисиз, учрашувларнинг сони ва давом этиш вақти чекланмаган ҳолда холи учрашишга ҳақли эканлиги белгиланган.

Адвокатнинг ўз ҳимояси остидаги шахс билан учрашиши жиноят ишида иштирок этишининг бир қисми ҳисобланади. Шу сабабли адвокатнинг ўз ҳимояси остидаги шахслар билан учрашишга тўсқинлик қилиниши ёки ўз вақтида шароит яратиб берилмаслиги айбдор шахсларни МЖтК нинг 197-1-моддаси билан жавобгарликка тортишга асос бўлади.

Каналга уланиш
@advokatqosimov