Get Mystery Box with random crypto!

Фатво – Украинага урушга бориш жиҳод эмас, у шаръан ҳаром «Бу | Bahodir Ahmedov

Фатво – Украинага урушга бориш жиҳод эмас, у шаръан ҳаром

«Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда Россия ва Украина каби уруш кечаётган ерларда истиқомат қилаётган ватандошларимизга турли ваъдалар билан урушга тарғиб қилиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Айрим террорчи ташкилот вакиллари эса пайтдан фойдаланиб, “жиҳод” даъвоси остида турли хунрезликларга чақириқ билан чиқмоқда.

Аслида мусулмон кишини ўз ватанини ҳимоя қилишдан бошқа ҳар қандай ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиши шаръан жоиз бўлмайди.

Ушбу урушга “жиҳод” номини бериш жаҳолатдан бошқа нарса эмас.
Чунки Ислом шариатида жиҳод учун белгилаб қўйилган ўзига хос шарт ва талаблар мавжуд. Агар шартлар топилмаса, у ҳеч қандай жиҳод ҳисобланмайди. Балки у Исломда ҳаром қилинган уруш бўлади. Бунда иштирок этганлар Аллоҳнинг шариатига қарши чиққан шайтон аскарлари қаторида бўлади. Унда ўлдирганлар қотил, ўлганлар эса гуноҳ узра жон берган боғийлар бўлади.

Биз бугунги кунда курашлар, зиддиятлар, дунёни қайта тақсимлашга қаратилган ўйинлар авж олган бир вазиятда яшамоқдамиз. Шунинг учун бугунги куннинг мусулмон кишиси ҳарқачонгидан кўра огоҳ ва ҳушёр бўлиши даркор. Хусусан, турли фитналарга аралашмаслиги лозим.

Бу каби фитналарга аралашиш шаръан ҳаром ҳисобланади. Қолаверса, амалдаги қонунчилигимизда ҳам хорижий мамлакатларнинг ҳарбий тузилмалари, ноқонуний диний ташкилотлар ва террорчи гуруҳлар таркибига аъзо бўлиш тақиқланган.

Хулоса қилиб айтганда, Ислом дини икки жамоа ўртасида уруш бошланса, улардан бирига қўшилиб, уни алангалатишга эмас, балки тинчликка эришишга чақиради. Шундан келиб чиқиб, биз ватандошларимизни турли алдамчи тарғиботларга учмасликка, фитналардан йироқ бўлишга даъват этамиз».

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази

@bahodirahmedoff