Get Mystery Box with random crypto!

Озарбайжон Президенти Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирини қабул қи | Azon(norasmiy)

Озарбайжон Президенти Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирини қабул қилди
Куни кеча Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ушбу давлатга Қўшилмаслик Ҳаракати мувофиқлаштирувчи бюросининг вазирлар учрашувида иштирок этиш учун борган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовни қабул қилди.
Бахтиёр Саидов Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг саломини унинг қадрли дўсти ва қардоши Президент Илҳом Алиевга етказди.
Илҳом Алиев қутлов учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон Президентига ўз саломларини етказишни сўради.
Бахтиёр Саидов Озарбайжоннинг Қўшилмаслик Ҳаракатига раислиги ва вазирлар учрашувини аъло даражада ўтказгани билан табриклади. Ташқи ишлар вазири Озарбайжон Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида икки давлат раҳбарлари томонидан белгилаб берилган вазифаларга мувофиқ фаолият давом эттирилгани ва белгиланган барча мақсадлар диққат билан кузатилаётганини таъкидлади.
Президент Илҳом Алиев, ўз навбатида, Ўзбекистонга давлат ташрифини мамнуният билан эслади. У Ўзбекистон томонидан озод қилинган ерларда мактаб қурилиши лойиҳаси алоҳида аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Озарбайжон раҳбари яқин орада Президент Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга ташрифи кутилаётганини таъкидлади.
Суҳбат чоғида Озарбайжон ва Ўзбекистон Қўшилмаслик ҳаракати, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида самарали ҳамкорлик қилиб келаётгани таъкидланиб, икки томонлама кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Azon.uz