Get Mystery Box with random crypto!

Ёш фарзандларнинг намоз ўқиётган ота-онасига осилиб олиши CА | Azon(norasmiy)

Ёш фарзандларнинг намоз ўқиётган ота-онасига осилиб олиши

CАВОЛ:
Эр-хотин намоз ўқиётганимизда фарзандимиз олдимизга ўтиб, осилиб олади. Баъзи пайтда руку ёки саждага бориш анча чўзилиб кетади. Бундай пайтда намоз бузилмайдими?

ЖАВОБ:
Фарзандларнинг ҳатти ҳаракатлари ота-оналарнинг намозини бузмайди. Лекин уларнинг кийимларида нажосат бўлмаслиги ва намоз ўқилаётган жойни нопок қилмасликлари керак.
Уйда болалар ота-оналарининг намоз ўқиш жараёнини бевосита кузатишлари уларда ҳам намозга бўлган кўникманинг шаклланишига ёрдам беради. Руку ва сажда каби намоз рукнларидан бирортасининг ўз вақтидан кечиктириш саждаи саҳв вожиб бўлишига олиб келади. Намозда турган киши учун сажда қилишга халал берувчи нарсани бир маротаба (бир ҳаракат билан) четга суришга рухсат берилади.
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича:
“Пайғамбаримиз алайҳиссалом намоз ўқиш асносида сажда қилганларида Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайнлар У зотнинг орқаларига осилиб олар эдилар. Уларни бундан тўсмоқчи бўлганларга “Тек қўйинглар” деган маънода ишора қилар эдилар. Намозни тамомлаганларидан сўнг у иккисини қучоқларига олар ва ким мени яхши кўрса, бу иккисини ҳам яхши кўрсин, дер эдилар” (Имом Насоий ривоятлари). Валлоҳу аълам.

Манба: Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати

azon.uz