2021-05-09 18:08:10
Намозда ўзбек тилида дуо қилиш жоизми?
Савол:
Ассалому алайкум. Хабарларда келишича, дуолар қабул бўладиган муайян вактлар бор. Намоздаги сажда пайтида айтиладиган дуолар ҳам шулар жумласидан экани зикр қилинган.
Саволим шуки, инсон намозда сажда қилган пайтида ўзбек тилида дуо қилиши жоизми? Намозга ўзбекча сўз аралаштирса намоз бузилади деб эшитганман. Шу ҳақда тушунча берсангиз. Аллоҳ таолодан ишларингизга барака тилаб қолувчи мухлисингиз.
Жавоб:
Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз, у кишининг аҳли-оиласи, саҳобалар ва уларга эргашган солиҳ инсонларга салавот ва саломлар бўлсин!
Уламолар намозда араб тилидан бошқа тилда дуо қилиш жоизлиги хусусида турли фикрларни билдиришган.
Бир гуруҳ уламолар араб тилидан бошқа тилларда дуо қилиш жоиз деган бўлса, бошқа бир гуруҳ уламолар жоиз эмас деган. Яна бир гуруҳ уламолар эса, агар намозхон араб тилида дуо қилишга қодир бўлмаса жоиз, аксинча, араб тилида дуо қилишга қодир бўлса, жоиз эмас, деган фикрларни айтишган.
Дарҳақиқат, мазкур фикрларнинг биронтасини қўллаб-қувватлайдиган очиқ бирон оят ёки саҳиҳ ҳадис йўқ. Шунга биноан, бу борадаги тўғри фикр, агар намозхон араб тилида дуо қилишга ҳамда дуонинг маъносини идрок қилишга қодир бўлса, араб тилида дуо қилиши керак. Шунингдек, дуо қилганда қисқа ва лўнда, сермазмун ва кенг қамровли маъноларни ўз ичига олган маъсур дуоларни ихтиёр қилиш афзалдир. Масалан, қуйидаги дуоларни айтиш мумкин:
“Аллоҳумма инний асъалука ал-ҳуда ваттуқо вал афофа вал ғино”.
Дуо мазмуни: “Ё Аллоҳ, ҳидоят, тақво, иффат ва бехожатлик ато қилишингни сўрайман”.
“Аллоҳумма инний асъалука ал-жанната ва аъузу бика минан-нор”.
Дуо мазмуни: “Ё Аллоҳ, мени жаннатга киритишингни ва дўзахдан паноҳ беришингни сўрайман”.
Борди-ю намозхон араб тилида дуо қилишдан ожиз бўлса, яъни араб тилидан бехабар бўлса, ўзи билган тилда дуо қилишининг зиёни йўқ. Албатта, бу дуолар Қуръон ва суннатда келган дуолар таржимаси бўлиши мақсадга мувофиқдир. Бироқ у келажакда араб тилини ўрганишга ҳамда Қуръон ва Пайғамбаримиз суннатида келган дуоларни арабий кўринишда ёдлашга ҳаракат қилмоғи лозим.
Шуни эслатиб ўтиш лозимки, намозда фотиҳа сураси ёки бирон оятни араб тилидан бошқа тилда, яъни унинг таржимасини ўқиш жоиз эмас. Балки ҳар бир мусулмон энг камида фотиҳа сурасини ёд олиши фарздир. Шунингдек, рукуъ, сажда, салом ва ташаҳҳудда айтиладиган зикрларни арабча кўринишда ёдлашга қодир бўлган инсон уларни бошқа тилда айтиши жоиз эмас, валлоҳу аълам.
@AZAN_UZZ
5.7K views15:08