Get Mystery Box with random crypto!

Жуфти ҳалолим ( ) Тонг ёришиб келаётган эди —Адаси, илтимо | АZAN UZZ

Жуфти ҳалолим

( )

Тонг ёришиб келаётган эди

—Адаси, илтимос, мана шуни ўқиб чиқиб кетинг,-дедим. Аъзамхўжа акам бироз тикилиб турди, сўнг қоғозни очиб ўқиди.
Бу Сунан эгалари ривоят қилган ҳадис бўлиб, унда шундай ёзилган эди.
"Абон ибн Усмондан, у отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

Ким тонг оттирган чоғи:

«Бисмиллаҳиллазии лаа ядурру маъа исмиҳи шайъун фил арди ва лаа фис самааи ва ҳувас-самийъул-алийм»

ни 3 марта айтса,
кеч киргунича унга тўсатдан келадиган бало етмайди. Ким кеч киргизган чоғи айтса ҳам. Яъни ўша кечаси унга тўсатдан келадиган бало етмайди»

—Сен бораётган жойим, ишим хатарли эканини қаердан билдинг? —деб сўрадилар.
Сўнг мен қоғозни ушлаб турдим, улар ихлос билан ўқидилар. Ортидан дуо қилиб қолдим.
Уч кундан кейин бир ахволда уйга кириб келдилар. Юзлар шилинган, рангларида қон йўқ эди. Кирмасларидан болалардан ҳам уялмай мени маҳкам бағрига босди, кейин кап-катта эркак ҳўнграб йиғлаб юборди.

Маълум бўлишича машина қайтаётганда ҳалокатга учраган, тўрт кишидан фақат турмуш ўртоғим тирик қолган эди...

—Шом ораси йўлга чиқдик. Ўртоқларим устимдан кулса ҳам берган қоғозингдаги дуони ўқиб кейин машинага ўтирдим. Машина ағдарилаётганда ҳам.
" мен дуо ўқиб олганман, уйда хотиним дуо қилиб ўтирибди", —деган ўй ўтди хаёлимдан.
Умрим, қилмишларим, гуноҳларим худди кинодек бир лаҳзада ўтди. Худо тавба қилишимга имкон берди, Назокат. Тавба қилдим...
Эр-хотин бир-биримизни қучоқлаб узоқ йиғладик.

Аъзамхўжа акам анчагача ўзига келолмади. Кечалари босинқираб чиқар, бошида ўтириб дам солардим. Қалблар Аллоҳнинг қўлида экан! Дуога очилган қўллар қуруқ қайтарилмас экан.

Баъзи кунлар , асрларга татигулик бўлади.
Турмуш ўртоғимнинг ҳидоят топган куни—дуоларим ижобатини кўрган куним эди.
Баъзан биз аёллар, умуман, инсонлар Ер юзида ўзимиз истаган адолатни ўрнатмоқчи бўламиз. Турмуш ўртоғимизни шахсий мулкимиз деб ҳисоблаймиз. Бошимизга бир ташвиш тушса, унинг шифосини ўзимизга ўхшаган ожиз инсонлардан қидирамиз. Агар ёшлигимиздан мустаҳкам эътиқод билан улғайганимизда эди пашшанинг қанотичалик қадри йўқ бу дунёда фақат Ўзига ибодат қилиб, ўзининг розилигини топиш умидида яшаган бўлар эдик.
Турмуш ўртоғининг хиёнатига учраган аёллар қанчалик ўзига эътибор бериб юрса ҳам, қаторлашиб фарзанд туғиб берса ҳам агар Аллоҳ истамаса оиласини сақлаб қололмас экан. Ҳидоят Аллоҳдан, дуо қилиш бандасидан.
Орадан кўп сувлар оқиб ўтди.

Бомдоддан сўнг ҳовлига чиқдим. Баҳорнинг илиқ, ёқимли ҳавоси, майин шамол билан танамга ёқарди.
—Назокат, бугун бир айланиб келайлик, иккимиз. Болалар қолсин.
—Майли, қаерга борамиз?
—Билмадим, кенгликларга кетамиз, далаларга чиқамиз.

Аёл бўлиб биринчи марта турмуш ўртоғим машинасининг олдига ўтирдим. Йиллар давомида гаплашмаган гапларимиз, йиллар давомида қалбимиз тубида қолган изҳорларимиз бугун айтилиши керак экан. Йўлларда овқатланиб, қирлар бағрида дам олиб, уйга қайтдик. Бепоён кенгликларга қараб хаёл суриб келаётган эканман яхшигина тезликда келаётган машинанинг кескин тўхташидан чўчиб кетдим.
Аъзамхўжа акам машинадан тушиб йўл четида қўлида лола кўтариб турган аёлнинг олдига бордилар. Энди кўрибман аёлнинг оёқлари тагидаги челак ҳам тоғ лоласига тўла эди. Кўзларимни юмдим. Ё, Аллоҳ, наҳотки...
Машинанинг мен ўтирган томондаги эшиги очилди.Бир қучоқ алвон лола кўтарган жуфти ҳалолим гулларни ўтириб қучоғимга солдилар.
—Гулдан ҳам чиройлисан, Назокатим. Сен билан тақдиримни боғлаган Аллоҳимга беҳисоб шукур.
—Вой, ўрнингиздан туринг, унақа қилманг,— кўзда ёш билан гапирдим.
—Оёғимга қўнган чангни қўли билан артишга тайёр аёлимнинг қошида тиз чўксам, чўкибман-да. Болаларимнинг онасининг пойида ўтирсам, ўтирибман-да...

Бу қандай кун ўзи!? Борлиқни нурга, қалбимни ҳузурга тўлдирган! Аллоҳим нақадар буюксан. Сен сабрлилар қошидасан. Ўзинг бир аёлга бу дунёда шунча бахт бердинг, Жаннатларингда ҳам мени жуфти ҳалолим билан бирга қилгин!

Челаклари ҳам, қўли ҳам бўшаб қолган лола сотувчи аёл бизни қўл силкиб кузатиб қолди...

(тугади)

Феруза Салходжаева


T.me/AZAN_UZZ