Get Mystery Box with random crypto!

​​ Чора Ҳаммаси ишхонага янги ходима келганидан бошланди. Йиг | AYOL QALBI | АЁЛ ҚАЛБИ

​​ Чора

Ҳаммаси ишхонага янги ходима келганидан бошланди. Йигитали оилалик эркак, иккита қизалоғи бор. Азиза ҳам оилалик экан, унда ҳам иккита қиз. Суҳбат шундан бошланди. Кейин бирга тушлик қилишлар. Хуллас, шайтон йўлдан уриб, энди телефондаги мулоқотлар ҳам жозибали туюла бошлади...
Биров сезиб, биров сезмай, иблис чиройли, ёқимли кўрсатадиган найранглар ичида яшай бошладилар...
Аввал Азизанинг эри сезди, қаттиқроқ сиқувга олганди, отасининг уйига кетиб қолди.
Энди у янаям эркин эди...

Кечгача касал қайнона-қайнота,  хизматида, келди-кетди меҳмонлар ичида  иккита гўдак қизалоғи тарбияси билан овора Йигиталининг аёли ҳам эридаги ўзгаришни сезмай қолмади.
Онасининг қон босими бор,  қайнона-қайнотасига айтса, барибир ўзининг боласи томон бўлиши аниқ.

Нафосат отасига қўнғироқ қилиб ҳолироқ жойда учрашишни илтимос қилди. Дадаси қизи яхши кўрадиган кафени танлади. Невара қизларини ҳам олиб келишини тайинлади.
Қизи деярли ҳеч нарса емади. Ичидан тўкилиб ўтирган ота сиртида ҳеч нарсани сездирмади.
Икки марта ташқарига чиқиб келди. Нафосат сезди, отаси тамаки чекяпди...
— Ҳозироқ уйга кетамиз. Шу ердан.
— Дада, эримни яхши кўраман,—ҳиқиллади аёл
—Шунинг учун ҳам мен билан кетасан!
Ноилож отасига эргашди.
Ҳаммасини эшитган касал қудалари келди олиб кетгани, отаси бермади. Орадан бир хафта ўтгач отаси куёвини уйга чақирди.
Дарвозадан отасини кўрган қўғирчоқдек қизалоқлар югуриб  бағрига отилди...

Меҳмонхонада отаси, Нафосат ва куёв қолди.
—Энди, гап бундоқ. Ҳозир қизимнинг талоғини бериб кетасиз. Иддаси тугаса, узатмоқчиман. Қалин оғайнимнинг  ўғли бор бефарзандликдан ажрашган экан. Сизни шунга чақирдим!

Нафосат отасига қараб, анқайиб қолди, куёвнинг ранги оқарди. Ич-ичини бир нима куйдириб ўтди.

—Ошни сузинглар, меҳмонимиз еб кетсин, —деди отаси деразадан ташқарига қараб
— Дада, менинг ажрашадиган хотиним йўқ, қизларимни ҳам бегонага беролмайман, тавба қилдим, —деди куёви ерга қараб.
Таом келди.
— Ошга қаранг, болам— деди отаси. Қайнотасининг яна аввалгидек болам деб чақиргани музокара яхшилик билан тугаганини англатарди. Йигитали енгил хўрсинди.
Эр-хотин ухлаб қолган қизалоқларни битта-битта кўтариб машинага олиб чиққанларида тун ярим бўлганди
—Боя дадам сени узатаман деганларида юрагим ўртаниб кетди,—деди эри секин аёлиниг қўлини ушлаб. Нафосатнинг юзига икки томчи қайноқ ёш томди, аммо қўлини тортиб олмади

Йигитали эртасигаёқ бошқа бўлимга ишга ўтиб кетди, 
Аммо  аёлнинг хиёнати кечирилмайдиган миллатда Азизанинг эри ҳам хотинини кечирмади.
Оқибатда тирик етимларга тўлиб кетган жамиятга бир бева аёл ва яна иккита қизалоқ кўнгли ярим номи билан кириб келди...
Феруза  Салходжаева

@ayolqalbi_uz