Get Mystery Box with random crypto!

*** Жуссам бор, ҳасаддан куяр айиқлар, Суягим ярайди кўкка ти | narbekov_official

***

Жуссам бор, ҳасаддан куяр айиқлар,
Суягим ярайди кўкка тиргакка.
Важоҳатимдан-ку арслон ҳайиқар,
Филдек армоним бор муштдек юракда.

Кўпиртириб нетгум, не фойда лофдан,
Тишларим олдида не эрур тошлар.
Юзимнинг фарқи йўқ асли офтобдан,
Фақат кўзим булут, тўкар кўзёшлар.

Менга ярашмасми бўлмоқлик йиртқич?
Бурдалардим юзлаб сиртлон лашкарин.
Ов бўлса, водийни қон-ла суғориб,
Кийиклар бўғзини ғажиб ташлардим.

Йиртқич ўйламайди, ҳайвонда онг йўқ,
Лек унга ҳоким йўқ Худодан бўлак.
Қаранг, менинг эса ҳожаларим кўп,
Бари чизиб берар юрмоққа йўлак.

Тутганим ердим-у шермасман афсус,
Маҳкумман сиртлондек нушхурт емоққа.
Арслон важоҳатим, айиқ келбатим
Шоқоллар енгмоқда, итлар енгмоқда.

Туғилмоқ бахт эди, биринчи нафас,
Биламан, Аллоҳим сўзсиз карамли.
Ундан омонатга жон олмоқ шараф,
Лек итлар қўлида ўлмоқ аламли.

Аслиддин НОРБЕК
25.10.2021
@asliddin_norbek_official