Get Mystery Box with random crypto!

​​Шавкат Мирзиёев бўлғуси журналист талабалар учун Маҳмудхўжа | ASLIDDIN | BLOG✔️

​​Шавкат Мирзиёев бўлғуси журналист талабалар учун Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги стипендияни таъсис этишни таклиф қилди

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига табрик йўллади. Жумладан, табрикда шундай жумлалар бор:

«Фурсатдан фойдаланиб, жаҳон миқёсида юз берган пандемия туфайли вужудга келган бугунги мураккаб вазият ва қийинчиликларга қарамасдан, аҳолига тезкор ва ишончли ахборот етказиб бериш, мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни атрофлича акс эттириш йўлида ўз профессионал бурчини сидқидилдан адо этиб келаётган сиз, журналистлар аҳлига чуқур миннатдорчилик билдираман.

Албатта, бугун биз ҳамма соҳада, жумладан, оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш борасида ҳам изланишдамиз. Бинобарин, бу йўлда ютуқлар билан бирга, камчилик ва нуқсонлар бўлиши ҳам табиийдир.

Бу ҳақда гапирганда, миллий медиа майдонимизда замоннинг ўткир талаб ва мезонлари, энг муҳим тенденцияларини очиб бериш, танқидий таҳлил, одамлар кутаётган мавзу ва муаммоларни дадиллик билан ўртага ташлаш ҳали ҳам етакчи ўрин эгалламаётганини айтишга тўғри келади. Афсуски, аксарият ахборот воситаларида ижтимоий салмоғи енгил бўлган, ҳисобот ва баландпарвозлик руҳидаги материаллар ҳануз устунлик қилмоқда.

Яна бир муҳим масала – айрим журналист ва блогерларимизда билим ва профессионал малака, баҳс маданияти етишмаслиги жамоатчиликни ташвишлантирмоқда.

Бу борадаги энг асосий вазифа – ана шундай камчиликларни чуқур ўрганиб, уларни бартараф этиш, мавжуд миқдор кўрсаткичларини сифат кўрсаткичларига айлантириш, оммавий ахборот воситаларининг самарадорлигини оширишдан иборат.

Биз бугун ҳуқуқий демократик давлат қураётган эканмиз, журналистиканинг бутун дунёда эътироф этилган, ўзгармас талаб ва мезонларига амал қилишимиз зарур. Бу мезонларнинг энг асосийси – холислик ва ҳаққонийликдир. Бинобарин, матбуот майдонига кирган инсон – у журналист бўладими, блогер бўладими, бундан қатъи назар – ана шу қоидаларга амал қилиши шарт.

Сиз азизларнинг бугунги касб байрамингиз баҳона бир эзгу таклифни илгари сурмоқчиман. Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабалари учун Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги стипендияни таъсис этсак, ўйлайманки, бу ҳам ёшларимизни миллий ғоя руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

Муҳтарам матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари!

Сизларни ва сизларнинг ижод маҳсулингиздан баҳраманд бўладиган жамики муштарий ва мухлисларингизни касб байрамингиз билан яна бир бор самимий муборакбод этаман.

Барчангизга сиҳат-саломатлик, янги ютуқлар, хонадонларингизга файзу барака тилайман».

Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти

http://t.me/ASLIDDIN_BLOG