Get Mystery Box with random crypto!

​​ЎН САККИЗИНЧИ ЮЛДУЗ Ахбор Имомхўжаев хотирасига Ҳалокат. Ф | Асланов билан футбол

​​ЎН САККИЗИНЧИ ЮЛДУЗ

Ахбор Имомхўжаев хотирасига

Ҳалокат. Фарёдлар оламни тутди,
Урилмаган голлар тортдилар маъюс.
Унга ҳам дунёни тор қилиб кетди,
Самога сочилган ўн етти юлдуз.

Бундоқ шумхабарни тинглаган заҳот,
У тугади... мисли ҳайкалдек қотди.
Шаҳидлар қатори ўша кун ҳайҳот,
Ўзидан айрилди, ўзин йўқотди.

Ёшлик чоғин қўмсаб кечалари гоҳ,
Хазонли боғларни кезганда ёлғиз.
Самога термилар умидвор... эй воҳ,
Милт-милт жимирлайди ўн етти юлдуз.

"Пахтакор" тикланди. Овунди майдон,
Давом этди ҳаёт... шу тақдир изми...
Аммо у кўнмади, кўнмади бир он,
Бу бошқа жамоа... Тушуняпсизми?

У шарҳлар: “Биринчи рақамда...”, эҳ йўқ,
Тилига келмайди бегона исм.
Нима қилсин ахир қалбга ёқиб чўғ,
Жилмайиб туради ўн етти расм.

Улар юлдуз эди! Юлдуз чинакам!
Осмон юлдузларнинг асил маскани.
Бир ўйин ўтказса, барин қилиб жам,
Ойдан копток ясаб беролса, қани...

Шундай орзу билан кун кечирди у,
Унга ҳамроҳ бўлди абад шу армон.
Эртароқ қаритди уни бу қайғу,
Охир... торлик қилди Ер деган майдон.

Шеър ёзмоқ не... сўзни сўзларга улаб,
Баъзан ҳазин руҳим қоплаганда куз.
Энтикиб қарайман милт-милт жимирлаб,
Кўкда порлаб турар ўн саккиз юлдуз!

Зоҳиджон Олов,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси