Get Mystery Box with random crypto!

Шавкат Мирзиёев Қирғизистон билан чегара ва Андижон сув омбори | Komil Allamjonov

Шавкат Мирзиёев Қирғизистон билан чегара ва Андижон сув омборига оид қонунларни имзолади

Ўзбекистон Президенти бугун, 30 ноябрь куни Ўзбекистон билан Қирғиз Республикаси ўртасидаги давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартнома ҳамда Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битимни ратификация қилишга оид қонунларни имзолади.

Ваниҳоят кўрсатилган сиёсий ирода натижасида икки қардош халқ ўртасидаги яхши қўшничилик мустаҳкамланиб, 30 йилдан бери ҳал бўлмаёган низоларга қонуний ечим топилди.

Шартномаларнинг асосий мазмуни:

ўзбек-қирғиз Давлат чегарасининг 35 та участкадаги умумий узунлиги 302,29 км бўлган чизиғи белгиланди;

Ўзбекистонга 4 минг 957 гектардаги Андижон сув омбори ҳудуди ҳамда тўғонга хизмат кўрсатиш ва уни муҳофаза қилиш учун қўшимча 19,5 гектар ер майдони ўтказилади, яъни сув омбори тўлиқлигича Ўзбекистон ҳудудида бўлади. Қирғизистонга эса компенсация тарзида 1 минг 19 гектар яйлов ерлари берилади;

Қирғизистонга Андижон сув омборининг қурилмай қолган Кампиробод чап қирғоқ канали учун “Ғовасой” участкасидан 12 минг 849 гектар ер майдони компенсация тарзида берилади. Бунда, Қирғизистон томони “Ғовасой” дарёсининг табиий оқимига тўсқинлик қиладиган гидротехник ва бошқа иншоотларни қурмаслик, сувнинг техник ифлосланишига йўл қўймаслик мажбуриятини олади;

Ўзбек томони сув омборидаги сув сатҳини 900 горизонталдан юқори бўлмаган сатҳда ушлаб туриш, Қирғизистон фуқароларининг сув омбори сувига эркин кириши ва ундан фойдаланишини (ҳайвонларга сув бериш, суғориш, балиқ овлаш) таъминлаш, атрофида муҳандислик-техник иншоотларни ўрнатмаслик мажбуриятларини олган. Қирғизистон томони сувни муҳофаза қилиш зоналари ўрнатилиши, ундан фойдаланиш режимига риоя этилишини таъминлаш мажбуриятларини олган;

Ўзбекистон томони сув омборининг хавфсизлигини таъминлайди, эксплуатация қилади, техник хизмат кўрсатади, Қирғизистон томони билан келишилган лимитлар доирасида сув чиқаради.

Имзоланган шартномалар натижасида Ўзбекистонда 2,5 миллион тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва 500 миллион доллар миқдоридаги маҳсулотларни экспорт қилиш учун 8 мингга яқин фермер хўжаликларини сув билан узлуксиз таъминлаш имконияти пайдо бўлмоқда.

Ва энг асосийси узоқ йиллар давомида доимий хавотир пайдо қилиб келаётган чегара низоларига барҳам берилмоқда. Қаер кимники эканлиги узил-кесил ҳал бўлиб, икки давлатнинг бир-бирига даъволарига ечим топилди. Бу албатта, шубҳасиз дипломатиянинг катта ютуғи. Энди бошқа қўшни давлатлар Ҳукуматлари ҳам шунақа сиёсий ирода кўрсатса ва чегараларга оид барча баҳсли масалага нуқта қўйишса, яхши бўларди. Ўзбекистон томони бунга тайёр ва энг кўп манфаатдор ҳам айнан биз. Умид қиламанки, тез орада бу ҳам бўлади.


@xushnudbek