Get Mystery Box with random crypto!

​Қандай қилиб Австралиялик оддий талаба қиз 15 миллиард доллар | Allaev Uz (16 )

​Қандай қилиб Австралиялик оддий талаба қиз 15 миллиард долларлик стартап яратганлиги ҳақида.

2007 йилда Мелани Перкинс Ғарбий Австралия Университетининг график дизайн факультетига ўқишга киради. Талаба қизга пул етишмас ва у кун кўриш учун график дизайн бўйича репетиторлик қиларди. Бу репетиторлик фаолияти унда келажакда миллиардерга айланиш учун имкон яратди. У ўқувчилари билан ишлаган сари Photoshop каби график дизайн бўйича ўнлаб программалар оддий фойдаланувчилар ва маркетологлар учун жуда мураккаб эканлигини тушуниб етди. Шунингдек бу программалар ишлаши учун кучли компьютер ҳам керак эди.

Шунда Меланида веб дизайнерлар учун ишлатилиши оддий бўлган, онлайн ишлайдиган хизмат яратиш фикри пайдо бўлди. У ўзи билан бир Университетда ўқийдиган йигити Клифф Обрехт билан ғояни амалга оширишга киришди. Лекин, лойиҳага инвестор топиш қийин бўлди. Мелани қўл силтамасдан йиллар давомида ҳаракат қилди ва ўз ресурсларидан лойиҳани яхшилашда давом этди. Лойиҳанинг илк кўриниши пайдо бўлганда илк маротаба 10000 долларлик инвестиция жалб қилишга эришишди. 2013 йилда бор стандарт намуналар билан оддий постерлар яратиш имкониятини берадиган Cанва хизмати ишга тушди. Canva com сайтида асосий функциялар бепул бўлиб, баъзи бир мураккаб нарсалар учун ойлик абонент тўлови жорий қилинди. Биринчи йилдаёқ лойиҳадан бепул фойдаланувчилар сони 600 мингтага етди.

Энди инвесторлар лойиҳага ишониб бошлашди ва аста-секинлик билан 250 минг доллардан бошлаб 250 миллион долларгача инвестиция қилган фондлар бўлди.

2021 йилга келиб компаниянинг умумий баҳоси 15 миллиард долларга етди. Компанияга қилинган умумий инвестициялар 370 миллион доллардан иборат. Бугунги кунда хизматдан Fortune 500 рўйхатига кирган дунёнинг энг йирик компанияларининг 85 фоизи фойдаланади.

Асосий даромад пуллик хизматлар учун тўланадиган ойлик абонент тўловидан келади. Бугунги кунда хизматнинг учта версияси бор:

1. Бепул. Оддий фойдаланувчилар учун етарли функциялар мавжуд
2. Пуллик. Йилига 110 доллар эвазига абонентлар барча хизматлардан фойдаланиши мумкин. Бу СММ соҳасидаги ва бошқа оддий дизайнерлар, шунингдек блогерлар учун мўлжалланган.
3. Корпоратив тариф. Йилига 324 доллар бир нафар фойдаланувчи учун

2021 йилда компаниянинг даромади 500 миллион доллардан иборат бўлиши тахмин қилинмоқда.


Айтиб ўтиш керакки, биз ҳам Asaxiy Uz да ҳам тез-тез Canva дан фойдаланиб келамиз.


Хулоса қиладиган бўлсак, 19 ёшли талаба қиз ўз соҳасида муаммони англаб етди. Аксар график дизайн бўйича дастурлар жуда мураккаб ва кучли ресурс (компьютерлар) талаб қилади. Демак, оддий фойдаланувчиларга мўлжалланган оддий, содда ва онлайн ишлайдиган сервис керак. У ечимни излади, ғоя пайдо бўлди ва амалга ошириш учун қийналиб йиллаб курашди. Қийналиб бўлсада аста-секин инвесторлар топди, лойиҳани доимий ривожлантириб сервисни яхшилаб борди. Натижада у 2021 йилда миллиардерга айланди. Canva бўлса минглаб ходим ишлайдиган, Австралиядан ташқари Филиппин ва Хитой каби давлатларда ўз офисига эга, ҳар ой 20 миллиондан ортиқ ягни фойдаланувчи рўйхатдан ўтадиган халқаро сервисга айланди.


Ҳаммаси оддий. Муаммо бор, бу талаб дегани. Муаммога ечим ўйлаб топилди. Бу талабга нисбатан таклиф. Ғояни амалга ошириш ва сервис хизматини яхшилаш устида йиллаб ишланди. Шунингдек, Мелани муваффақиятли стартап яратиш учун Хитой ёки АҚШда туғилиш шарт эмаслигини ҳам кўрсатиб берди.

Расмда бугун ҳам компанияни бошқараётган Меланини кўришингиз мумкин.

@allaevuzb