Get Mystery Box with random crypto!

​“Катта ўйин” китобини қандай пиар қилганимиз ҳақида пост қила | Allaev Uz (16 )

​“Катта ўйин” китобини қандай пиар қилганимиз ҳақида пост қиламан деб ваъда бергандим. Олдинги постда ёздим, китобнинг нархини бошқа 600-700 бетлик китоблардан арзонроқ, 65 000 Сўм қилиб белгиладик. Бу учун маркетинг бюджет кескин қисқартирилди, реклама учун фақат 4 500 000 Сўм эди. Бу нари борса 3-4 та каттароқ телеграм каналда пост қилиш имконини берарди. Бу билан бир неча мингта китоб сотиш имконсиз. Аксига олиб, китоб мавзуси тарих бўлса. 

Лекин, пульсизлик одамни нимага мажбур қилмайди? Очликда калла яхши ишлагандек, бизнесда ҳам пулсизликда калла яхши ишлайди. Маркетинг жамоаси билан келишиб ҳатто китоб чиққанлиги ҳақида пост бермасликка қарор қилдик. Китоб шунчаки сайтга жойланди. Бошқа китоблардан фарқли равишда олдиндан буюртма ҳам берилмади. Фақат китоб ҳар бир яратган контентимизда, видео, расм ёки реклама бўладими, бирор фонда пайдо бўлиб қоларди. Дўконларимизда ҳам китоб бир нечта жавонларга жойланган, фақат сотувчиларимизга бу китоб ҳақида гапириш, тавсия қилиш таъқиқланган эди. Бу ўз-ўзидан Asaxiy нинг доимий мухлиси бўлган зукко китобхонларни жалб қилди, қанақа китоб деб қизиқишди, китоб ҳақида саволлар кўпайди, улар бўлса доим жавобсиз қолди ва ўз-ўзидан сотув бошланди. Дастлаб 100 дона, 200 дона, 300 дона...Шунда Йона Бергернинг “Юқумлилик. Маҳсулот ва ғоялар қандай оммалашади” китобидаги бир кейсдан илҳомланиб ҳар бир китоб ичига қуйидаги ёзув билан қоғозча тиқиб бошладик: 

“Илтимос, бу китоб ҳақида ҳеч қаерда пост қилманг ва ҳеч кимга гапириб берманг...»

Бу ёзувни олган одам китобни аниқ ўқиб чиқади ва сирни ўзида сақлолмайди учун бошқаларга айтмасдан қўймайди. Бу ўз-ўзидан ўйлаган эффектимизни берди ва китоб рекламасиз, эълонларсиз сотилиб бошлади. Бу ишни китобхонлар китобни ўқиб, маза қилиб бир-бирига тавсия қилиб бошлагунча давом этдик. Ундан у ёғига сарафан маркетинг ишлади. 

Шунақа қилиб, биз ҳатто биринчи нашри сотилиши имконсиз деб ўйлаган китоб бир неча ойда сотиб тугатилди ва ҳозирда иккинчи нашр босилмоқда. Баъзида маҳсулот ҳақида жар солиш ўрнига, шунчаки жим турган ҳам маъқул экан. 

Ўйланган стратегияни бехато амалга оширган Asaxiy нинг маркетинг жамоасини, айниқса бош маркетолог Миразиз ва креатив маркетолог қизимиз Муслимани олқишламасдан илож йўқ.

Китобнинг тайёрлаш жараёни ҳақида. Аввало, таржимонини қандай қилиб танлаганлигимиз ҳақида. Китобни ўқиганлар билади, ХIХ аср ва ХХ аср илк чорагидаги тарихий воқеалар ҳақида гап кетади. Воқеалар саргузашт шаклда ўта қизиқарли сўзлаб берилган. Бизга ўша давр тарихи билан яхши таниш, имкони бўлса уни ҳис қилган таржимон керак эди. Узоқ ўйлашлардан сўнг Ўзбекистонда ўн йилдан ортиқ туризм соҳасида ишлаган тажрибали гид Шодиёр ака Нишонбоевни танладик. Туристларга инглиз тилида тарихни қизиқарли қилиб сўзлаб юрган, йилнинг камида 8-9 ойини тарихий шаҳарларда ўтказадиган тажрибали гид ҳис қилмаса, бу китобни бошқа ким ҳис қилиши мумкин? Ўйлайманки, Шодиёр ака инглиз тилидан таржимани маҳорат билан қилди. Нашриёт жамоаси ҳам китоб устида ажойиб ишлашди, таҳрирни тажрибали Муҳаббат опа қилдилар.  Бу китоб Asaxiy да Дилбар Ҳайдарованинг сўнгги иши бўлди. Ҳамид ака, Йигитали ва Умида мусаҳҳиҳлик қилишди. Муқовани тайёрлашда Россия рамзи сифатида айиқни танлаш, Буюк Британия рамзи сифатида шеърни танлаш фикри дизайнеримиз Жасурдан чиқди.

Китобнинг асл номи “Катта ўйин. Осиёдаги махфий хизмат ҳақида” деб номланади. Руслар уни “Катта ўйин. Осиё синдроми” деб таржима қилишган. Маркетинг жамоаси жарангдорроқ бўлиши учун китобни номини ўзгартириш таклифини берди.  Бизда нашриёт, айниқса бош муҳаррир Хуршид ака маркетинг уни ишига аралашишини умуман ёқтирмайди. Шахсан ўзим маркетинг жамоаси номидан аралашдим учун, балки ичида сўкиб китобни номини ўзгартиришга рози бўлди. Муаллифнинг руҳсати билан, “Катта ўйин. Икки империя тўқнашуви” номи танланди. 



Хуллас, “Катта ўйин” муваффақияти Asaxiy да ҳақиқий жамоавий меҳнат, ҳар ким ўз ишини профессионал қилганлиги натижаси бўлди. Эсдан чиқарманг, бизнес — бу жамоавий ўйин! PS: "Катта ўйин" ҳозир тугаган. Янги нашр келгунча ундан кам қизиқарли бўлмаган "Яланғоч иқтисодиёт"ни ўқиб турсангиз бўлади.