Get Mystery Box with random crypto!

Аёллар ҳуқуқи масаласи замонавий Ўзбекистоннинг энг жиддий муа | Allaev Uz

Аёллар ҳуқуқи масаласи замонавий Ўзбекистоннинг энг жиддий муаммоларидан биридир. Сўнгги ойнинг ўзида аёллар ҳуқуқи масаласида жамоатчиликни ларзага солган бир нечта воқеалар юз берди.

Улардан, доимий зўравонликка учраб келган Самарқандлик келин, ўзини ёқиб юборган аёл ва бугун эри томонидан ахлат ейишга мажбур қилинган аёл воқеаси ажралиб чиқди.

БМТ хулосасига кўра, қанчалик аёл ҳуқуқлари кафолатланса, иқтисодиёт шунчалик ривожланган бўлади, демократия ҳам мустаҳкам бўлади. Иқтисодиётнинг ва демократиянинг ривожланганлик индекси аёллар ҳуқуқи таъминланганлик даражасига боғлиқдир.

Ўзбекистонда аёлларга нисбатан зўравонлик, жинсий тегажоғлик, мажбурлаб турмушга чиқариш, таълим олишига ҳалақит қилиш, одам савдоси каби ҳоллар кенг тарқалган. Шунингдек, ҳали ҳануз аёллар ва эркаклар маошлари ўртасида сезиларли фарқ мавжуд ва аёлнинг карьера қилиш имконияти эркакларникидан анча паст.

Аёллар ҳуқуқларини таъминлаш бу замон талаби. Лекин, жамоатчиликнинг маълум қисми аёллар ҳуқуқи соҳасида ўзгаришларга қарши. Феминистларнинг ҳар қандай ҳаракати кучли эътирозларга, баъзан таҳдидларга сабаб бўлади. Тошкент шаҳрида бир неча ой олдин аёллар томонидан уюштирилган флешмоб кучли эътирозларга сабаб бўлганлигига гувоҳ бўлгандик.

Бу долзарб мавзуда йиллар давомида ўзгаришлар қилиб боришимиз керак бўлади. Қуйидаги ҳаракатлар билан аста-секин натижаларга эришса бўлади деб ўйлайман.

1. Аёллар таълимига эътиборни кучайтириш. Қизларга ўзларининг фундаментал ҳуқуқларини тушунтириш, жисмоний ёки жинсий зўравонликка қарши қандай курашиш ҳақида маълумотларни бериш.

2. Аёллар ҳуқуқлари бўйича фуқароларнинг ўзлари томонидан тузилган нодавлат нотижорат ташкилотларни қўллаб-қувватлаш. Фуқаролик жамиятини эътиборини муаммога қаратиш.

3. Мажбурий турмушга бериш ҳолатларига қарши курашиш. Оилани қутқариб қоламан деб маҳалла томонидан ажрашишларга қаршилик қилишни тўхтатиш.

4. Мажбурий меҳнат ва меҳнат миграциясига қарши курашиш. Ўзбекистон шароитида мажбурий меҳнат қурбонлари кўпинча аёллардир. Аёллар қишлоқ хўжалиги соҳасидан тортиб, шаҳарларда ободончилик ишларига мажбуран жалб этиш ҳолатлари қайд этилган эди. Шунингдек, аёллар миграцияси, уларни жинсий қуллар сифатида сотилиш ҳолатлари ҳам кўп. Натижада, Туркия, араб давлатлари, Россия, Ҳиндистонда минглаб аёлларимиз бугун фоҳишалик қилишмоқда.

Кучли аёлсиз кучли жамият қуролмаймиз. Чунки кучли жамиятни аёл тарбиялайди. Фарзандларимиз бахтли, билимли, кенг дунёқарашга эга бўлиб катта бўлишларини хоҳласак, бизга кучли аёллар керак.

Бу соҳада ишлар йиллар давомида олиб борилиши керак. Аёлларни эҳтимолий жиноятчи сифатида рўйхатларга қўшиш ёки уларга Зулфия шеърларини эшиттириш каби ҳолатлар муаммога ҳеч қандай ечим бермайди. Аксинча, бу мавзуга жиддий қарамасак, йилдан йилга вазият оғирлашиб боради.

@allaevuzb