Get Mystery Box with random crypto!

ҲАЖНОМА — حج نامه ҲАЖ — 1443 ҳ — 2022 м. ОХИРАТ ОДАМИ Та | Университеты КСА Алжамеъа

ҲАЖНОМА — حج نامه

ҲАЖ — 1443 ҳ — 2022 м.

ОХИРАТ ОДАМИ

Талабалик давримда даъват куллиёти كلية الدعوة و أصول الدين рўпарасида ақида фанидан дарс берган устозим билан турган эдим, қорамағиз бир киши келиб қолди. Устозимиз у билан жуда қуюқ сўрашди.
У киши менга кўз таниш, уни Жомеада, масжидда кўп кўрганман. Лекин у ким, исми нима, қаерлик, домлами, талабами, ишчими, тожирми, бу ҳақда ҳозиргача билмайман. Лекин унинг табассуми, нурли юзи ҳамон кўз ўнгимда. Устозимизнинг у ҳақдаги гапи ҳам ҳануз ёдимда.

«Бу одамнинг жасади ерда, руҳи охиратда», деган эди устозимиз.

«Жасади ерда, руҳи охиратда» — жуда таъсирли ажойиб васф, ажойиб таъриф...

Орадан йиллар ўтди. Ҳар хил одамлар билан кўришдим. Юзи оппоқ, ичи қоп-қора одамларни кўрдим, юзи қорача ичи оппоқ покидомонларни кўрдим. «Аднаразивий» (одноразовый) одамлар бор экан, дийдорига, суҳбатига тўймайдиган муборак инсонлар бор экан.

Дунёга устун бўламан, деб охири қабрда чириб кетган корчалонлар бор. Умри тугаб охиратга бир қадам қолганда охиратни ўйламасдан, фақат ва фақат дунёни ўйлайдиган қариялар бор. Бир оёғи гўрда, бир оёғи ерда бўлсада, дунёга муккасидан кетганлар бор.

Қисқа қилиб айтганда, дунё одамлари бор, охират одамлари бор.

«Охират одами» деган ибора сизга янглик бўлса керак.

Аслида бу ибора имом Бухорий Саҳиҳида келган أبناء الآخرة — «Охират ўғиллари», «охират фарзандлари» деган ҳазрати Али розияллоҳу анҳу сўзларининг эркин таржимаси. Ўзбекона содда ва чиройли «жаннати одам» деган қимматбаҳо, нодир сўзнинг бошқача кўриниши.

Ҳа, ҳақиқатда бу дунёда «охират одамлар» бор ва шунинг муқобилида «дунё одамлари» ҳам бор, тўлиб ётибди.

قال علي بن أبي طالب رضي الله عنه :
«ارتحلت الدُّنيا مدبرةً، وارتحلت الآخرة مقبلةً، ولكلِّ واحدةٍ منهما بّنُونَ، فكونوا من أبناءِ الآخرةِ، ولا تكونوا من أبناءِ الدنيا؛ فإنَّ اليومَ عملٌ ولا حساب، وغدًا حسابٌ ولا عملٌ».

صحيح البخاري باب في الأمل و طوله

Ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу дейдилар:

«Дунё юз ўгириб, орқага қараб кетди, Охират юзланиб пешвоз чиқмоқда.
Ҳар иккисининг ҳам ўз одамлари бор.
Шундай экан, сизлар охират одами бўлинглар, дунё одами бўлманглар!

Бугун амал бор, ҳисоб йўқ!
Эртага ҳисоб бор, амал йўқ!»

Бу асарни Бухорий Саҳиҳда, Ибн Абу Шайба Мусаннафда, Абдуллоҳ ибн Муборак Зуҳдда келтиришган..

Охират одамлари ким?

Уларнинг махсус кийими, махсус сифати, ўзига хос овқатлари бўладими?

Охират одами — қалби охиратга боғланган, дили иймонга тўлган, тақводор, гўзал хулқли, ширин забон, суҳбати ёқимли, хушмуомала, хушфеъл, тавозели, очиқ чеҳра, сахий, мурувватли инсондир.

Охират одами — дунё ва охиратини обод қилган дунёдаги энг ақлли одамдир.

Дунё одами сезонда роса «соққа»ни кўпайтириб босгани каби охират одами улуғ мавсимларда роса савобни кўпайтирадиган ҳақиқий ишбилармон кишидир.

Охират одамларининг махсус кийимлари йўқ. Улар шуҳрат либосидан, авратни кўрсатадиган беҳаё кийимлар кийишмайди. Зеб-зийнатга берилишмайди.

Ҳалол озиқ-овқат уларнинг ўзига хос овқатидир. Ҳаром ёки шубҳали луқмани оғзига тиқмайдилар.

Охират одами ҳавода учмайди, сувда юрмайди, «суф» деб пуфлаб оқар сувни орқага оқизвормайди...

Улар бидъат-хурофотдан анча йироқ ақлли инсонлардир.

Улар ширк, риёга яқин юламайдиган муваҳҳидлардир

Улар ҳаромдан жирканадиган, бадхоҳликдан нафратланадиган олижаноб инсонлардир.

Улар бу дунёда мусофирликларини ҳис этиб, йўловчи мусофирдек яшаб, она ватанлари жаннатни обод қиладилар.

Ибн Қаййим ҳазрати Алининг: «Дунёнинг ҳам, охиратнинг ҳам ўз ўғиллари бор. Сизлар охират ўғли бўлинглар, дунё ўғли бўлманглар!» деган сўзларига илова қилиб: «Қиёматда ҳар ким ўз онасининг бағрига қайтади», деган эканлар.

Ҳақиқатда дунёга мукка тушган дўзахийларнинг فَأُمُّهُ هَاوِيَةٌ — онаси дўзахдир.

Охират одамларининг тўлиқ сифатларини билмоқчи бўлсангиз Қуръонни тўлиқ ўқиб чиқинг, Қуръонда Аллоҳ уларнинг маънавий қиёфаларини чизиб берган.

Ва яна пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратларини ва шамоилларини бир сидра ўқиб чиқинг.

Ва яна саҳобалар ҳаётига қаранг.

Тобеинлар ҳаётини ўрганинг.

Олимлар, обидлар, зоҳидлар ҳаётини кузатинг, синчковлик билан ўрганинг