Get Mystery Box with random crypto!

Ўзбекистон ва уни яхши кўрадиганлар учун сўнгги кунларнинг энг | Акабиров Азамат

Ўзбекистон ва уни яхши кўрадиганлар учун сўнгги кунларнинг энг ёқимли хушхабари бу — Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига сайлангани бўлди.

Гап шундаки, 2020 йил 13 октябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида бўлиб ўтган сайловларда Ўзбекистон ўз тарихида илк бор Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзолигига уч йил муддатга – 2021-2023 йилларга сайланди.

Бизга БМТга аъзо 191 давлатдан 169 таси овоз берди. Таққослаш учун, сайловда Непал 150та, Хитой эса 139та овоз олган. Саудия Арабистони эса кенгаш аъзолиги учун етарлича овоз тўплай олмади — 90та овоз.

Ҳақли савол туғилади: нима учун Ўзбекистон шу пайтга қадар бу кенгашга аъзо бўлмаган ва қайси хизматлари эвазига бунга эришди?

Холис бўлиб айтганда, сўнгги йилларда аҳолининг сиёсий фаоллиги ошди, оммавий ахборот воситаларининг жамиятдаги роли кучайди, журналистлар ва жамоатчиликнинг ҳукуматга ҳамда қабул қилинаётган турли қарорларга таъсири ошди.

Ўтмишни қоралаш унчалик ҳам тўғри ва ёқимли эмас балки, бироқ ўрни келганда битта мисол келтирсак бўлади: 2016 йилгача матбуотда муаммолар ҳақида ёзиш уёқда турсин, муаммо деган сўзнинг ўзини ҳам учратиш амримаҳол эди. Буни ўша даврда ишлаган барча журналист яхши эслайди. Бугун эса муаммолар ҳақида ёзмаган журналист йўқ ҳисоби. Шунинг ўзи ҳам Ўзбекистон нега илгари бу кенгашга аъзо бўлмаганию, энди барча мамлакатлар қўшқўллаб овоз бераётганига яққол мисол бўлади.

Энг муҳим масала — мажбурий ва болалар меҳнати тўлиқ тугатилди. 2020 йилнинг ўзида 50 минг кишига Ўзбекистон фуқаролиги берилди. Диний эркинлик борасидаги ишлар ҳам йилдан-йилга яхши томонга силжияпти.

Албатта, юз бераётган бу ўзгаришларни БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ҳам, унга аъзо мамлакатлар ҳам, халқаро экспертлар кўриб, билиб турибди. Халқаро экспертлар ҳисоботларга эмас, ўз кўзлари билан кўрган фактларга таяниб хулоса қилишади. Ҳақиқат шуки, Ўзбекистон учун берилган 169та овоз — Ватанимизнинг эркинлик, қонун устуворлиги ва адолат томон улкан қадам ташланганининг яққол исботи.

Яна бир муҳим жиҳат: «Дунё» ахборот агентлиги чет эллик дипломатлар ва экспертларнинг Ўзбекистоннинг ушбу муваффқияти ҳақидаги фикрларини эълон қиляпти. Масалан, Словакия элчиси Ян Бори «Ўзбекистон тўплаган кўп овоз — мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг халқаро миқёсда қўллаб-қувватланишининг исботидир», дебди ва у ҳақ. Умуман, бу каби илиқ фикрлар жуда кўп ва уларнинг бари кишини қувонтирмай қўймайди.

Ана шундай бир ҳолатда Ўзбекистоннинг ўзида ушбу натижалар етарлича баҳо олмаётгани, айримлар шундан ҳам негативлар топаётгани, очиғи, кўнгилни бироз хира қилади. Танқидлар, албатта, яхши, бироқ Ўзбекистон халқаро эътирофларга муносиб эканини тан олиш, эътироф этиш ҳам ўзига хос рағбат бўларди.

Худо хоҳласа, бу эътирофлар ҳали давомли бўлади. Энг муҳими — Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзосига юклатиладиган мажбуриятларни астойдил бажариши ва инсон ҳуқуқларини глобал миқёсда ҳимоя қилиши асносида ушбу йўналишдаги ишлар бутунлай янги босқичга чиқиши аниқ.