Get Mystery Box with random crypto!

Имтиёзхўрлар рўйхати ва имтиёзлар бардаки Абитуриентлар учун | Ahmadjonov.uz

Имтиёзхўрлар рўйхати ва имтиёзлар бардаки

Абитуриентлар учун ҳал қилувчи палла бошланаётган бир вақтда уларга эслатиб қўйиш керакки, Ўзбекистонда ҳамма ҳам олий таълим муассасаларига киришда имтиҳон топширавермайди.

Имтиёзлар бўйича саноқли ва саноқсиз тоифалар алоҳида белгилаб олинган, тепадагиларнинг ўзи ҳам ҳисобини унутган қарорлар бор.

Яқинда Адлия вазирлиги имтиёзхўрларнинг рўйхатини тузиб чиқишга уринди. Бу рўйхатда ОТМга имтиҳонсиз кирадиган қуйидагилар акс этган:

Қуролли Кучлар ҳарбий хизматчиларининг фарзандлари;

халқаро ва республика олимпиадалари, танловлар ва мусобақалар ғолиблари бўлган битирувчилар;

Зулфия номидаги Давлат мукофоти лауреатлари;

“Мард ўғлон” давлат мукофоти соҳиблари;

“Йилнинг энг яхши тарбиячиси” республика танлови ғолиблари;

тиббиёт муассасалари ҳамшираларининг “Ҳамшира” республика танлови ғолиблари;

Бадиий академиянинг тасвирий санъат бўйича республика танлови ғолиблари;

“Ниҳол” мукофоти совриндорлари;

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи республика комиссияси берган тавсиянома совриндорлари (педагогика йўналишларига);

тўлиқ давлат таъминотидаги етим болалар;

Қуролли Кучлар сафида ҳарбий хизматни ўтаб, ҳарбий тавсияномага эга бўлганлар;

чет тилини билиш даражаси тўғрисида давлат намунасидаги В1 ва ундан юқори даражадаги сертификатга эга абитуриентлар;

ҳарбий қисм қўмондонлиги ва Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти тавсияномасига эга бўлганлар;

ички ишлар органлари ходимларининг фарзандлари.

Шунингдек:

Исҳоқхон Ибрат номидаги хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатнинг бутун ўқиш даврини аъло баҳоларга ўқиган битирувчилари;

мутахассислиги бўйича 5 йил иш стажига эга хотин-қизлар;

эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар;

ички ишлар органларида 3 йилдан ортиқ иш стажига эга профилактика (катта) инспекторлари;

иқтисодиёт тармоқларида камида 5 йил иш стажига эга фуқаролар;

Тошкент давлат юридик университети қошидаги академик лицейнинг битирувчилари.

Айтиш керакки, бу рўйхат тўлиқ эмас. Масалан, Президент мактаблари битирувчилари ҳам давлат ОТМларига имтиҳонсиз қабул қилинади. Кулишингиз мумкин, ҳатто «Тарбиячи» республика кўрик-танлови ғолиблари ҳам имтиҳонсиз давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.

Ташрифлар ва пиар учрашувларда ва ёпиқ фармойишлар билан марҳамат қилинадиган имтиёзлар саноғини эса ҳеч ким билмайди.

Имтиёзлар бўйич бардак шу даражага етганки, Адлия вазирлиги ОТМга ўқишга кириш учун берилган имтиёзларни хатловдан ўтказмоқчи.

Ярим чин, ярим ҳазил маъносида ОТМга кириш учун билим олгандан кўра имтиёз ундириш осон ва арзон бўп қолди, деган гаплар юради.

Якунда шундай бўладики, тескари селекциянинг маҳсули бўлган мана шу имтиёзхўрлар эртага номенклатуранинг асосини ташкил этишади. Сиз билим оласиз, улар имтиёз олади. Лекин улар сизни бошқаришади ва ўзларининг фарзандларига, дўстларига, шотирларига, чўнтакларига имтиёз тарқатишда давом этишади.

@the_bakiroo