Get Mystery Box with random crypto!

Саида Мирзиёева: “Ўқитувчиларга вазифасидан ташқари ишларни юк | Адвокат Беҳзодбек Авазович Ғаниев

Саида Мирзиёева: “Ўқитувчиларга вазифасидан ташқари ишларни юклайдиганларни жавобгарликка тортиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва тез орада қабул қилиниши кутиляпти”.

Айтишларича, ушбу қонун лойиҳасига кўра МЖтКнинг 51-моддаси 2-қисмида ва ЖКнинг 148-2(прим 2)-моддаси 2-қисмида меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлашни таълим муассасасининг педагог ходимига нисбатан содир этганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда экан.

Бунда БҲМнинг 15 баробаридан 20 баробаригача жарима (4,5 млн. сўмдан 6 млн. сўмгача) ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш жазолари назарда тутилмоқда.

Мазкур қилмиш маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, жиноятга айланиши ва БҲМнинг 150 баробаридан 200 баробаригача жарима (45 млн. сўмдан 60 млн. сўмгача) ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари жазолари тайинланиши мумкин.

Ҳақиқатан ҳам бугунги кунда педагог ходимлар: давлат тест маркази ташкил этадиган тест синовларида назоратчи сифатида қатнашиш; маҳаллий давлат ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар тадбирларини ташкил этиш; муайян комиссия ва ишчи гуруҳларга жалб этган ҳолда ўрганишларда иштирок этиш; туман-шаҳарларда ўтказиладиган байрам тадбирлари, турли кўргазмаларини ташкил этиш; газеталар учун обуна бўлиш мажбуриятини бажариш; битирувчиларнинг ишга жойлашганлиги билан боғлиқ ёки бошқача ҳисобот ва жадвалларни тақдим этиш каби ўз хизмат вазифаларига кирмайдиган ишларга жалб этилмоқдалар.

Шунингдек, мана бу постимизда зикр қилинган “таълим муассасаси педагог ходимининг касбий фаолиятига аралашганлик” учун маъмурий жавобгарликни ҳам БҲМнинг 20 баробаригача жарима (6 млн. сўм) ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш жазоларини белгилаш орқали кучайтириш назарда тутилмоқда экан.

Юқоридаги қонун қабул қилиниб, педагог ходимларни ўз касбига алоқадор бўлмаган ишларга жалб қилиш каби салбий ҳолатларга бутунлай чек қўйилади деб умид қиламиз.