Get Mystery Box with random crypto!

Давлат раҳбари маълум қилганидек, ТИНТУВга рухсат суд ваколати | Адвокат Беҳзодбек Авазович Ғаниев

Давлат раҳбари маълум қилганидек, ТИНТУВга рухсат суд ваколатига ўтказилса, нима ўзгаради?

Қонунга кўра, бирор жойда ёки шахсда иш учун аҳамиятли нарса ёки ҳужжатлар бор деб ўйлаш учун етарли маълумотга эга бўлган тақдирда, прокурор рухсати билан тинтув ўтказилади.

Тергов амалиётида эса, иш учун аҳамиятли нарса ва ҳужжатлар ҳақида бирор маълумотга эга бўлинмасада, ҳисобот учун тинтув ўтказиш одатий ҳолга айланган. Шахсни бошқа жиноятлар билан айблаш учун қўшимча фактларни аниқлаш мақсадида тинтув ўтказиш ҳоллари ҳам йўқ эмас.

Масалан, электрон воситаларда диний мазмундаги материаллар аниқланиши ва келгусида экспертизадан ўтказилиб, қўшимча моддалар қўйилиши мумкин.

Ёки рухсатсиз сақланаётган, гумондорга мерос бўлиб қолган эски намунадаги милтиқ топилиши ва у ҳам яроқлилик нуқтаи назаридан текширилиб, шахс ЖКнинг яна бир қўшимча моддаси билан "сийланиши" мумкин.

Тинтув қарорлари ҳар доим бир хил, шаблон шаклида расмийлаштирилади, мисол учун “палон манзилда иш учун аҳамиятли бўлган нарса ва ҳужжатлар бўлиши мумкинлигини инобатга олиб, тинтув ўтказиш лозим бўлади” деб ёзилади. Лекин бундай нарса ва ҳужжатлар айнан нималар эканлиги, уларни тинтув ўтказилаётган манзилда сақланаётганига оид қандай маълумотлар борлиги каби ҳолатлар очиқланмайди. Шу сабабли тинтувларнинг аксарият қисмида ҳеч нима аниқланмайди ва олинмайди.

Келгусида мазкур тергов ҳаракатига рухсат беришнинг судга ўтказилиши тергов органларининг бу борадаги масъулиятини оширади, тинтув ўтказишдан аввал етарли маълумотларни тўплашга ундайди, тинтувларнинг самарадорлигини оширади, тинтув ўтказилаётган жойлардаги аҳоли ва мулкдорларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатлари ҳимояланишини таъминлайди, ортиқча сарсонгарчиликларнинг олдини олади.