Get Mystery Box with random crypto!

Турар жойларни сотганлик учун даромад солиғи тўланиши ёки қайс | Advokat Abdusamadov

Турар жойларни сотганлик учун даромад солиғи тўланиши ёки қайси ҳолларда тўланмаслиги масаласида келган бир қанча саволларни умумлаштирган ҳолда қуйидагиларни маълум қиламиз.

Кўчмас мулк олинган нархидан қимматроққа сотилганда даромад пайдо бўлиши мумкин. Масалан, 10 миллион сўмга уй сотиб олиниб, 11 миллион сўмга сотилса, 1 миллион сўм даромад кўрилган ҳисобланади. Мана шу олинган 1 миллион сўмнинг 12 фоизи миқдорида даромад солиғи тўланиши лозим.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Солиқ Кодексининг 378-моддаси, 7-қисми мазмунига мувофиқ, 3 йилдан ортиқ солиқ тўловчининг мулкида бўлган турар жойларни сотишдан олинган даромадга солиқ солинмайди.
Кўпчилик Солиқ Кодексининг ушбу “жойи”ни ўқиганини, бироқ тушунмаганини маълум қилишади. Осонроқ тушунтиришга ҳаракат қиламиз.

Солиқ Кодексимизнинг 378-моддаси, 7- қисмида солиқ тўловчиларга хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулкни сотишдан олинадиган даромадларга солиқ солинмаслиги, бироқ ўттиз олти календарь ойдан кам муддатда солиқ тўловчининг мулкида бўлган турар жойларни сотишдан олинган даромадлар бундан мустасно эканлиги кўрсатилган.

Бундан келиб чиқадики, уй эгаси 36 ойгача, яъни 3 йилгача ўзининг мулкида бўлган турар жойни сотадиган бўлса, даромадидан солиқ тўлайди, 36 ойдан, яъни 3 йилдан кўпроқ мулкида бўлган турар жойни сотишдан олинган даромадга эса солиқ солинмайди.

@Advokat_maslahat