Get Mystery Box with random crypto!

Одил судлов: Собиқ судья ҳасратидаги жиддий таклиф Адвокат си | Advokat Abdullayev

Одил судлов: Собиқ судья ҳасратидаги жиддий таклиф

Адвокат сифатида фаолият юритишга эндигина киришган собиқ судья билан кутилмаганда учрашиб қолдик. У бир неча йил турли инстанцияларда судьялик қилган ва бу тизимдаги фаолиятини Олий суднинг судьяси деган шарафли лавозимда анча вақт ишлагани ҳолда якунлаб, адвокатлик билан шуғулланишга қарор қилган эди.

У билан суҳбатимиз давомида бир нарсани ачиниб, ҳам куюниб гапирди. “Олий суд судьяси бўлиш учун албатта камида 5 йил адвокат бўлиб ишлаш керак экан. Буни Олий суд судьяси бўлган одам - мен Сизга айтяпман. Нега бундай фикрлаётганимни тушунтираман: Мен адвокат сифатида фаолият юритишга киришганимдан кейингина шунақанги адолатсизликларга дуч келяпман-ки, тасаввур қила олмайсиз. Вақтида Олий суд судьяси бўлиб ҳам, буни кўра олмаган эканман. Мен судьяларнинг, ҳа-ҳа, айнан судьяларнинг адолатсизликлари, ишга нохолис ёндашишларини назарда тутяпман ва "Шу даражада ҳам бўладими?", - деб юборяпман. Тушунтирсам, судьялар тушунмайди. Асослаб келтириб берсам ҳам инобатга олмайдилар-да, "юқорига ёзарсиз", - дейишади-қўяди. Агар ўша судьялар адвокат бўлиб, озгина бўлса ҳам ишлаб кўришса, кейин тушунишади”, - деб куйиниб, ич-этини еётган дардини дастурхон қилди.

Биз эса ҳасратлар замирида ажойиб ва айни пайтда жуда жиддий бир таклиф яширинганига эътибор қаратдик. Вақт келади, биз бунга ишонамиз, судья бўлиш учун албатта адвокат бўлиб, қанчадир муддат ишлаганлик талаби қўйилади. Чунки инсоннинг энг аввалги сирдоши унинг яқинлари бўлса, ундан кейин албатта адвокатдир. Уни дардига шерик бўлиб эшита олувчи ва воқеалик ҳамда вазиятларга аввало инсоний ёндаша олиш кўникмасини айни шу касб билан маълум муддат шуғулланиб кўриш орқали олиш мумкин эканлигига шубҳа йўқ. Терговчи, прокурор ва судьялар билан эса ўртада барибир масофа, жуда узоқ масофа сақланиб туради.

Шундай экан, таклиф деб илгари сурилаётган шундай амалиётни секин аста жорий этиб бориш устида мулоҳаза қилиб кўришимиз керак.

Каналга уланиш:
@Advokat_Abdullayev