Get Mystery Box with random crypto!

Одил судлов: Диний таълимотми ёки насиҳат? Маъмурий жавобгарл | Advokat Abdullayev

Одил судлов: Диний таълимотми ёки насиҳат?

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг амалиётга тадбиқ этилишида ҳақли эътирозлар юзага келишига сабабчи бўлаётган моддаларидан бири бу 241-моддаси бўлиб қолди. Яъни, диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш

Ушбу модда диспозицияси матни қуйидагича: "Махсус диний маълумоти бўлмай туриб ва диний ташкилот бошқаруви марказий органининг рухсатисиз диний таълимотдан сабоқ бериш, худди шунингдек хусусий тартибда диний таълимотдан сабоқ бериш"

Судлар айнан ушбу моддада назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда шахсни айбдор деб топишда шунчаки қачондир ўтмишдаги суд амалиётини гўёки суд прециденти сифатида қабул қилиб олиб, “қолип” кўринишида ёндашиб келмоқдалар.

Бизнингча эса судлар, ушбу модда бўйича ҳар бир алоҳида маъмурий ишни кўриб чиқишда диний илм мутахассисини, керак бўлса экспертини жалб қилишлари шарт. Чунки муайян бир жараённи диний таълимотдан сабоқ бериш, деб баҳолашлари, ёки бирор материални, ёҳуд манбани айнан диний таълимот манбаси, деб топишда ўз шахсий қарашларига, муайян динга оид шахсий билимларигагина таянишга ҳақли эмаслар.

Лекин афсуски, биз кузатган ва хабардор бўлган айни шу модда билан боғлиқ суд амалиётининг ҳеч бирида ушбу масалага ойдинлик киритишда диний илм мутахассиси ёки эксперти жалб қилинганлигини кузатмадик.

Шундай маъмурий ишлардан бири жиноят ишлари бўйича Зангиота туман суди судъяси С.Авлакулов томонидан 2023 йил 25 октябрда кўриб чиқилган фуқаро А.Камоловга нисбатан бўлган маъмурий ишдир.

Суд қарорига кўра, А.Камолов ўқув марказида раҳбари сифатида фаолият юритиб келгани ҳолда “телеграм” ижтимоий тармоғида “Абдуллоҳ” номли профил очиб, у орқали “Arab tili” номли телеграм гуруҳини ташкил қилиб, диний ташкилот бошқаруви марказий органининг рухсатисиз 2022 йил декабрь ойи бошларидан буён гуруҳга аъзо бўлган 15 нафар ўқувчиларга Қуръони карим ва ҳадислар доирасида ноқонуний диний сабоқ бериб келганлиги аниқланган экан.

Лекин на ушбу жараён диний таълимот ҳисобланиши ёки йўқлиги борасида на бир диний илм мутахассис фикри, ва на эксперт хулосаси олинган.

А.Камолов судга ҳақиқатда дарс машғулотлари орасида тингловчиларига гўзал одоб, хулқ-атвор, ҳалоллик каби қадриятлардан насиҳатлар қилишда айрим саҳиҳ ҳадислардан иқтибослар келтирганлигини, шунингдек, ҳадислар матнидан шунчаки арабча матнни таржима қилиб бериш машғулоти сифатида фойдаланганлигини баён қилади.

Судлар чиройли хулқнинг, гўзал одобнинг, ҳалолликнинг, тинчликнинг, умуман олганда яхшиликнинг тарғиботига, насиҳатига қаратилган таълимот жараёнлари билан диний таълимот жараёни ўртасидаги фарқни ажратиб олишлари лозим бўлиб, бунинг учун эса албатта тегишли диний илм мутахассис фикри, зарур ҳолларда эса эксперт хулосаси билан ҳисоблашишга мажбурдирлар.

Каналга уланиш:
@Advokat_Abdullayev