Get Mystery Box with random crypto!

Хусусий шикоят беришга ҳақлимиз Ишни судда кўришга тайинлаш ҳ | Advokat Abdullayev

Хусусий шикоят беришга ҳақлимиз

Ишни судда кўришга тайинлаш ҳақидаги ажрим устидан хусусий тартибда шикоят берилиши масаласида айрим судьялар бошқача фикрлар билдиришди. Масалага бефарқ қарашмаётганлиги албатта, қадрли. Бироқ, барибир позициямизда собитмиз. Яъни, судьянинг бундай мазмундаги ажрими устидан хусусий шикоят берилиши мумкин ва қуйида бунинг ҳуқуқий асосларини келтирамиз:

Амалдаги ЖПКнинг 27-моддаси 1-қисми: “Процесс иштирокчилари ва бошқа шахслар, шунингдек жиноят ишини юритишдан манфаатдор бўлган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг вакиллари ушбу Кодексда белгилаб қўйилган тартибда ва муддатда суриштирувчи, терговчи, прокурор, судья ва суднинг процессуал ҳаракати ёки қарори устидан шикоят беришга ҳақлидир.”

Кодекснинг 497-11-моддаси 1-қисми: “Иш бўйича биринчи инстанция судининг ажрими устидан у чиқарилган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда ушбу Кодекснинг 497-2-моддасида назарда тутилган шахслар томонидан хусусий шикоят берилиши ёки хусусий протест билдирилиши мумкин.”

Энди, шу модданинг 3-қисми: "Суд муҳокамаси чоғида чиқарилган ва далилларни текшириш тартибига, жиноят процесси иштирокчиларининг илтимосномаларига, эҳтиёт чорасини танлашга, уни ўзгартиришга ёки бекор қилишга, шунингдек суд мажлиси залида тартиб сақлашга тааллуқли ажримлар устидан ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган тартибда шикоят бериш ёки протест билдириш мумкин эмас. Уларга қарши эътирозлар апелляция шикоятига ёки апелляция протестига киритилиши мумкин."

“Ишни судда кўриш учун тайинлаш ҳақида”ги ажрим суд муҳокамаси чоғида чиқарилган ажримлар қаторига кирмаслигини эслатиб ўтмоқчимиз. Масалан, дастлабки эшитув ўтказилмаганлигидан ва иш судда кӯришга тайинлаш ҳақидаги ажримдан норози эканимизни билдиришимиз мумкин-ку. Бундай норозилик ҳам албатта, процессуал тартибда ва шаклда билдирилиши керак бўлади. Йўқса, бу шунчаки ҳиссиётимизни ифодалаш, деб қабул қилиниши ва белгилаган тартибда муносабат билдирилмаслигига олиб келади.

Шунинг учун ҳам юқоридаги процессуал тартиблардан келиб чиққанда, судьянинг бундай мазмундаги ажрими устидан хусусий шикоят беришга ва ўз навбатида хусусий шикоят апелляция тартибида кўриб чиқилишини талаб қилишга тўлақонли ҳақлимиз, деб ҳисоблаймиз.

#хусусий #шикоят

@Advokat_Abdullayev